Етти нафар енгил атлетикачимиз қитъа етакчилари орасида эътироф этилди
Осиё енгил атлетика ассоциацияси 2022 йил якунларига кўра ҳар бир йўналиш бўйича қитъамизнинг энг яхши 10 та натижасини қайд этган спортчилар номини эълон қилди. Аҳамиятлиси, унда 7 нафар ҳамюртимизнинг исм-шарифи кўрсатиб ўтилган.
Аёллар ўртасидаги дастурларда Сафина Садуллаева баландликка сакрашда 1.97 м, Екатерина Воронина етти курашда 6072 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Уч ҳатлаб сакраш йўналишида Шарифа Давронова 14.04 метр билан иккинчи ўринда кўрсатилган.
Йигитларимиздан энг юқори поғона Суҳроб Ходжаевга тегишли бўлиб турибди. Босқон улоқтирувчимиз 72.67 метр билан тўртинчи ўринда қайд этилган.
Шунингдек, баландликка сакровчиларимиздан Светлана Радзивил (1.90 м) ҳамда Александра Шаркаева (1.88 м), 4х400 метрга аралаш эстафета дастурида Артур Харисов, Хусниддин Баннаев, Фарида Солиева ва Камила Мирсалиева квартетига тегишли (3:31.98) натижалар ҳам кучли ўнликда кўрсатилган.