Матниязова Тель-Авив турниридаги иштирокини кимга қарши бошлайди?
Эртага Исроилнинг Тель-Авив шаҳрида дзюдо бўйича “Катта дубулға” турнири старт олади. 16-18 февраль кунлари ўтадиган мусобақада 52 давлатдан 398 нафар спортчи жаҳон рейтинги ва Париж-2024 Олимпиадаси йўлидаги қимматли очколар ҳамда медаллар учун кураш олиб боришади.
Маълум қилганимиздек, ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоасидан фақатгина Гулноза Матниязова иштирок этади. Бугун баҳсларга қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди ва спортчилар ўз рақибларини билиб олишди.
Унга кўра, -70 кг вазн тоифасида қатнашадиган юртдошимиз турнирни мўғулистонлик Басанжаргал Баярбатга қарши бошлайди. Агар ушбу рақиб тўсиғидан ўта олса, Луана Карвальо (Бразилия) ва Мая Гошен (Исроил) жуфтлиги ғолиби билан чорак финал йўлланмаси учун курашади. Матниязованинг вазн тоифасидаги баҳслар 17 февраль куни бўлиб ўтади.