Ўзбекистон гимнастика федерациясининг навбатдан ташқари конференциясида янги ғоялар илгари сурилди
Бугун Ўзбекистон гимнастика федерациясининг навбатдан ташқари конференцияси бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси Шавкат Умрзоқов, федерациянинг вилоят бўлимлари вакиллари ва масъул мутахассислар иштирок этишди.
Адҳам Икрамов ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрда қабул қилган “Гимнастика спорт турларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-449-сон Қарорининг амалий ижроси ҳақида фикрларини билдирди. Вазир давлатимиз раҳбари томонидан 2023 йил учун федерация олдига қўйилган асосий вазифалар ҳақида тўхталди. Хусусан, жорий йил кутиб турган Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиш, Париж-2024 Олимпия ўйинларига имкон қадар кўпроқ лицензия қўлга киритиш олдинда турган бош мақсад эканини эслатди.
Бундан ташқари, ҳудудларда селекция ишларига катта эътибор қаратиш, терма жамоа вакилларининг шуғулланишлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш, манфаатдор ташкилотлар билан мамлакатимиз бўйлаб оммавий гимнастика мусобақаларини ўтказиш ишларини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, Шавкат Умрзоқов молиялаштириш, корпоратив бошқарув ва федерация фаолиятини тубдан янгилаш, олдинга қўйилган вазифаларни самарали ва аниқ амалга ошириш каби йўналишларга тўхталиб ўтди.
Шундан сўнг федерация раҳбарияти таркибига кириш учун номзоди қўйилган мутахассислар тадбир қатнашчиларини сайловолди дастурлари билан таништиришди. Конференция иштирокчилари ҳар бир чиқишни тинглаб, дастурларни бир овоздан маъқуллашди. Унга кўра, Гўзал Мўминова федерация раисининг биринчи ўринбосари, Баҳром Шокиров эса молиявий масалалар ва корпоратив бошқарув йўналиши бўйича раис ўринбосари лавозимларига сайланди.
Тадбир якунида юртимизда гимнастика турларини ривожлантириш, федерация олдига қўйилган барча вазифаларни амалга ошириш, унинг ҳудудий бўлимлари билан фаолликда ишлаш бўйича таклифлар илгари сурилди.