Ру En O'z
10 Февраль 2023 1469

Тимур Кападзе: “Бу мавсум аввалгисидан анча қизиқарли ўтади”

Айни кунларда футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг асосини ташкил этган “Олимпик” клуби Туркияда янги мавсумга тайёргарлик кўрмоқда. Бу йил “олимпиячилар”ни масъулиятли мусобақалар қатори “Coca Cola” суперлигаси ҳам кутиб турибди. Қуръага кўра, МОҚ қошида ташкил этилган жамоа биринчи турни амалдаги чемпион “Пахтакор”га қарши бошлайди. Боз устига, ушбу баҳс янги мавсумнинг очилиш ўйини экани нафақат жамоа мухлислари, бутун ўзбек футболи ишқибозларининг диққат-марказида бўлади. Эътиборингизга клуб бош мураббийи Тимур Кападзе билан янги мавсум ҳақидаги суҳбатни ҳавола қиламиз:

Чемпионатни “Пахтакор” билан бошлаш қандай аҳамият касб этади?
– Қуръага кўра, биринчи турдан "шерлар" билан дуч келдик. "Пахтакор" ҳозирда Ўзбекистоннинг энг кучли жамоаси эканини амалда исботлади. Ушбу клуб билан ўйнаш ҳар бир жамоага қийин. Биз бу ўйинга яхши тайёргарлик кўриб, чиройли футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Энг асосийси, биринчи турданоқ имкониятларимизни чамалаб кўриш нуқтаи назаридан биз учун жуда фойдали баҳс бўлади.

– Янги мавсумдан нималар кутмоқдасиз?
– Фикримча, бу мавсум олдингисидан анча қизиқарли ўтади. Негаки, барча жамоалар аввалгига қараганда янаям кучайди ва ўсди. Шундай экан, ҳар бир тур ўйинлари юқори темпда, яхши савиядаги учрашувларга бой бўлади, деб ўйлайман.

– Жорий йил ҳам Осиё ўйинлари, ҳам ички чемпионат баҳслари ва турли ўртоқлик турнирлари бор. Бу билан йигитлар жисмонан қийналиб қолмайдими?
– Менимча, ҳаммаси жойида ва бундай муаммо бўлмайди. Аксинча, болалар ҳали ёш. Уларга шундай бўлгани яхши. Бу йигитларнинг янада ўсишига, тажриба тўплашига пойдевор бўлади. Осиё ўйинлари сентябрь-октябрь ойларида ўтади. Унгача ҳали анча вақт бор. Шунингдек, ўйинлар тақвими ҳам зич эмас.

– ФИФА кунлари доирасида Марокашда ўтадиган халқаро ўртоқлик турнирида иштирок этишимиз расман тасдиқланди. Африкадаги турнир бизга нима беради? Бу таклиф кимдан чиқди?
– Таклиф мезбонлардан чиқди ва биз бунга рози бўлдик. Бундай фурсатдан унумли фойдаланиб қолиш керак. Марокашга бориб, Африканинг кучли жамоаларига қарши ўйнаш, улар билан тажриба алмашиш, кучимизни синаб кўриш биз учун анча фойдали.

Маълумот учун, Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси 22-28 март кунлари Марокашдаги халқаро ўртоқлик турнирида Того, Кот д‘Ивуар ва мезбонлар билан баҳс олиб боради.

Text to speech