Ру En O'z
9 Февраль 2023 1368

Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчиси МОҚда меҳмон бўлди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг Бош котиби Ойбек Касимов Қатар давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди. Суҳбатда икки давлат ўртасида Олимпизм, хусусан, футбол соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мавзулари муҳокама қилинди.

Учрашувда МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Бош котиби Аваз Максумов, шунингдек, Қўмитанинг Халқаро алоқалар департаменти масъуллари иштирок этишди.

Ойбек Касимов учрашув давомида Президентимизнинг мамлакатимизда Олимпизм ва соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтиришга қаратаётган эътибори, бу борада олиб бораётган ислоҳотлари хусусида маълумот берди. Хусусан, Тошкент ҳар йили бир нечта спорт турлари бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини ўтказаётгани, 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши ҳақида гапирди.

Элчи жаноблари келаси ой мамлакатимиз яшил майдонларида 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтадиган Осиё чемпионатига олиб борилаётган тайёргарлик ҳақида суҳбатлашди. Ўз навбатида, Аваз Максумов давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан турнирга юқори даражада ҳозирлик кўрилаётгани, Осиё футбол конфедерацияси мутасаддилари билан мунтазам иш олиб борилаётгани хусусида тўхталди. Шунингдек, унда иштирок этадиган Қатар ёшлар терма жамоасининг ўйинлар тақвими ҳақида маълумот берди ва уни беллашувларни бевосита томоша қилишга таклиф қилди.

Суҳбат давомида Азизжон Камилов ҳар икки мамлакат ўртасида спорт соҳасида йўлга қўйилган мустаҳкам алоқалар хусусида тўхталиб, уларни янада мустаҳкамлаш борасидаги таклифларини илгари сурди.

Text to speech