Ру En O'z
9 Февраль 2023 571

Конкурчиларимиз Германиядаги нуфузли мусобақада қатнашишади

От спортининг конкур йўналиши бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари навбатдаги халқаро мусобақада иштирок этиш учун Германиянинг Зульцбах-Розенберг шаҳрига етиб келишди. Ушбу шаҳар 8-11 февраль кунлари CSI2* таснифидаги нуфузли халқаро мусобақага мезбонлик қилади.

Беллашувларда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев спортчи сифатида ўз омадини синаб кўради. Шунингдек, Жаҳон кубогининг финал босқичига тайёргарлик кўраётган Нуржан Туякбаев ҳамда терма жамоа етакчиларидан бири Бекзод Қурбонов ҳам стартга чиқишади.

Мусобақада спортчиларимизнинг ҳамроҳи бўлмиш отлар ҳам керакли текширувлардан ўтказилди. Ташкилий қўмитанинг ветеринария бўлими мутасаддилари ҳар бир отнинг саломатлиги, тана ҳароратини кўздан кечириб, беллашувларда иштирок этиш учун уларга рухсат берди. Ҳамюртларимизга бўлажак турнирда омад тилаймиз.

Text to speech