Олимпия ўйинларида дебют қилиши кутилаётган спорт турларининг тақдимоти ўтказилди
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида федерация ҳамда ассоциацияларнинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режалари муҳокамаси давом этади. Бугун Ўзбекистон триатлон ва камондан отиш федерациялари, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотни вазир ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги вазирлик мутасаддилари, МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов қабул қилишди. Унда триатлон федерациясидан Бош котиб Елена Кун, камондан отиш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов ва ЎФА Бош котиби Аваз Максумов ўз йўналишлари бўйича режалар ҳақида батафсил маълумот беришди.
Қайд этиш жоиз, шу пайтгача ўтган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси мазкур спорт турларида иштирок этмаган. Тақдимотда ҳар бир мутахассис давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан спортчиларимизнинг тажрибаси аввалгига қараганда ошгани, терма жамоаларимизнинг Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олиш имкониятлари юқори экани хусусида тўхталишди. Триатлон ва камондан отиш спорт турларида атлетларимиз индивидуал лицензиялар учун кураш олиб боришлари таъкидланди.
Кутилганидек, миллионлар ўйини мавзусига аҳамият қаратилди. Зеро, жамоавий спорт турлари орасида айнан футболда Олимпиада йўлланмасига эга бўлиш имконияти анча юқори. Аваз Максумов МОҚ қошида “Олимпик” клубининг ташкил этилгани Олимпия терма жамоасининг шаклланишида катта хизмат қилаётгани, ушбу лойиҳа ўтган йил мамлакатимизда ўтган Осиё кубогида ўз самарасини кўрсатгани ҳақида гапирди. Шунингдек, у Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ҳам аёллар, ҳам эркаклар терма жамоамизнинг иштирок этиши, ҳар икки йўналишда ҳам Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб борилишини таъкидлади.