Ру En O'z
6 Февраль 2023 1405

Теннис ва чим устида хоккей федерацияларининг Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлиги ўрганилди

Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ўзбекистон теннис ҳамда чим устида хоккей федерацияларининг яқин 2 йиллик режалари муҳокама қилинди. Мазкур йиғилишда Вазир ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, ҳар икки федерация масъуллари, мураббийлар штаби аъзолари иштирок этишди.

Даставвал, Ўзбекистон теннис федерацияси Бош котиби Ирода Тўлаганова терма жамоанинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик стратегияси хусусида тўхталди. Унга кўра, теннисчиларимиз Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида ғалаба қозониб, Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритиши кўзда тутилган. Суҳбатда спортчиларимизнинг бу борадаги имкониятлари, рақиблар хусусида фикр алмашилди.

Шундан сўнг чим устида хоккей бўйича терма жамоаларимизнинг Осиё ўйинларидаги иштирокига бағишланган тақдимот намойиш этилди. Маълумки, ушбу спорт турида эркаклар ва аёллар жамоаларимиз ўтган йили лицензион турнир орқали бўлажак комплекс мусобақага йўлланма олган эди. Йиғилишда ҳар икки терма жамоанинг имкониятлари, потенциал рақиблари, тайёргарлик режалари батафсил ўрганилди.

Text to speech