Туркияда бўлиб турган ўзбекистонлик спортчиларнинг саломатлиги тўлиқ назоратга олинган
Туркиянинг жануби-шарқий ҳудудларида кучли зилзилалар содир бўлмоқда. Айни пайтда бир қатор спорт турларида терма жамоаларимиз ва клубларимиз ушбу мамлакатда ўқув-машғулот йиғинларини олиб бориш билан биргаликда халқаро мусобақаларда ҳам иштирок этишмоқда. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси терма жамоаларимизнинг ҳолати бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Эркин кураш бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Туркиянинг Кахраманмараш шаҳрида 3-6 февраль кунлари ўтиши белгиланган халқаро мусобақада иштирок этаётган эди. Бироқ мазкур ҳудуд айни пайтда эпицентр марказига айланиб қолди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги элчихонаси ёрдами билан спортчиларимизни Анқара шаҳрига жўнатиш чоралари кўрилмоқда. Шундан сўнг терма жамоамиз Анқара-Истанбул-Тошкент йўналиши бўйича мамлакатимизга қайтиб келади. Ҳозирда спортчи ва мураббийларнинг барчалари соғ-саломат.
Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Бош котиби Шуҳрат Мамадалиев бугун Истанбулга жўнаб кетди. У ёш спортчиларимизнинг Ўзбекистонга эсон-омон қайтиб келиш ишларига бошчилик қилади.
Шунингдек, велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Алания, байдарка ва каноэда эшкак эшувчиларимиз эса Белек шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини олиб боришмоқда. Зилзила ушбу ҳудудларга катта таъсир ўтказмаган ва машғулотлар режа асосида давом этяпти.
Қолаверса, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳам Туркия йиғинида бўлиб турган бир нечта футбол клублари ва турли ёшдаги терма жамоаларимиз аъзоларининг саломатлиги яхшилиги ҳақида расмий маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Туркияда бўлиб турган ҳамюртларимизга зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Анқарадаги Элчихонаси (+90-312-441-38-71, +90-312-441-17-46) ёки Истанбулдаги Бош консулхонасига (+90-212-323-20-37, +90-212-323-20-39) мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилди.
Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоғанга халқимиз номидан ҳамдардлик йўллаб, Туркияга Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилар гуруҳи ва махсус техниклар юборилиши бўйича топшириқ берди.