Сузиш бўйича икки карра Олимпиада совриндори Светлана Бабанина 80 ёшда!
Бугун сузиш бўйича Токио-1964 Олимпиадасида икки бор бронза медалини қўлга киритган ҳамюртимиз Светлана Бабанина 80 ёшни қарши олмоқда.
Светлана Викторовна Бабанина 1943 йил 4 февраль куни Россия Федерациясининг Тамбов шаҳрида таваллуд топган. Оиласи билан Тошкентга кўчиб келгач, у ердаги “Спартак” клубида сузиш билан шуғуллана бошлади. Бабанина асосан брасс усулида сузишга ихтисослашган спортчи эди. 1964 йил Токио шаҳрида ўтган ёзги Олимпия ўйинларида 200 метрга брасс ва 4х100 метрга комбинацион эстафета дастурида бронза медалларига сазовор бўлган. Спортчилик фаолиятини якунлагач узоқ йиллар Тошкентдаги турли спорт мактабларида, Республика Олимпия захиралари коллежида мураббийлик билан шуғулланди. Давлатимиз томонидан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланган.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Спорт фахрийлари кенгаши Светлана Бабанинани туғилган куни билан табриклаб, унга узоқ ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.