Ру En O'z
3 Февраль 2023 1273

Ханчжоу-2022, Париж-2024: Енгил атлетика баҳсларида медаллар учун курашамиз

Федерация ва ассоциацияларнинг Ханчжоу-2022 Осиё ва Париж-2024 Олимпия ўйинларига тайёргарлик режаларининг тақдимоти давом этади. Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти, енгил атлетика федерацияларининг режалари таҳлил қилинди.

Тақдимотларни Вазир ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов кўриб чиқишди. Унда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси номидан раис Баҳромжон Газиев, Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси номидан бош котиб Камолиддин Рўзимуҳаммедов режалар ҳақида гапириб ўтишди.

Баҳромжон Газиев чавандозларимизнинг 2022 йил халқаро майдонда, хусусан, Миллатлар лигаси мусобақасининг Евросиё лигаси босқичида биринчи ўринни қўлга киритишгани хусусида тўхталар экан, бу етакчилик сақлаб қолиниши учун устувор режа ишлаб чиқилганини билдирди. Шунингдек, мазкур йўналишда илк бор Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритиш кўзда тутилганини қўшимча қилди.

Енгил атлетика комплекс мусобақаларда энг кўп йўлланма берадиган, шунингдек, энг кўп медаллар тақдим этадиган спорт тури ҳисобланади. Афсуски, сўнгги Олимпия ўйинларида бу борадаги кўрсаткичлар пасайиб кетди. Камолиддин Рўзимуҳаммедов Париж-2024 циклида бу борадаги кўрсаткичлар яхшиланиши, ҳатто баъзи дастурларда атлетларимизнинг медаллар учун кураш олиб бориши режалаштирилаётганини таъкидлади.

Йиғилиш давомида расмийлар федерация масъулларининг режасини маъқуллаб, асосий таркиб билан бирга кучли захира спортчиларини ҳам тайёрлаб бориш, ҳар бир йўналишда хориж тажрибасини ўрганиш борасида қўшимча тавсиялар беришди.

Text to speech