Ру En O'z
2 Февраль 2023 1437

Эътибор марказида Ўзбекистон бокс ва дзюдо федерациясининг тақдимоти

Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ўзбекистон бокс ва дзюдо федерацияларининг 2023-2024 йилларга бағишланган тақдимоти бўлиб ўтди. Маълумки, бу икки спорт тури оммавийлик масаласида мамлакатимизда алоҳида ажралиб туради. Қолаверса, деярли ҳар бир Олимпиадада боксчиларимиз ҳам, дзюдочиларимиз ҳам делегациямиз ҳисобига қимматли медалларни тақдим қилишади. Бугунги тадбирда ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, натижаларни янада яхшилашга алоҳида аҳамият қаратилди.

Тақдимот маросимида Шаҳрулло Маҳмудов бошчилигидаги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг ходимлари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, федерацияларнинг масъуллари ҳамда мураббийлар штаби иштирок этишди.

Даставвал, Ўзбекистон бокс федерациясининг тақдимоти ўтказилди. Унга кўра, бу йил Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари қатори март ойида Ҳиндистон мезбонлик қиладиган аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатида муносиб қатнашиш, асосийси, пойтахтимизда ўтадиган эркаклар ўртасидаги жаҳон чемпионатини юқори савияда ташкил этишга аҳамият қаратилган. Шунингдек, Париж-2024 Олимпиадасига максимал миқдордаги йўлланмалар учун кураш олиб борилиши, Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида илк бор аёллар боксида ҳам медаллар қўлга киритиш режалаштирилгани таъкидланди.

Ўзбекистон дзюдо федерацияси билан ўтган йиғилиш ҳам қизғин мунозараларга бой бўлди. Айни пайтда терма жамоа 2 таркибга бўлинган ҳолда лицензион мусобақаларда иштирок этмоқда. Бу ҳар бир вазндаги ички рақобатни янада кучайтириш, халқаро майдондаги натижаларни ҳам яхшилашга катта туртки беради. Режага кўра, терма жамоа яқинлашиб келаётган Осиё ва Олимпия ўйинларида ўзининг энг юқори натижасини яхшилаши кутилмоқда.

Расмийлар давлатимиз ва ҳукуматимиз спортчиларимиз учун барча шароитларни яратиб бериши, терма жамоаларнинг режалари тўлалигича қўллаб-қувватланишини билдириб, атлетларимиз бунга жавобан юксак ғалабалар билан юртимизга қайтиб келишларини тилашди.

Text to speech