Ру En O'z
1 Февраль 2023 1271

Уч федерациянинг яқин икки йиллик режалари таҳлил қилинди

Федерация ва ассоциацияларнинг стратегияларини таҳлил қилиш давом этади. Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ўзбекистон замонавий бешкураш, регби ва ўқ отиш спорти федерацияларининг 2023 ва 2024 йиллар учун ишлаб чиқилган устувор вазифалари алоҳида кўриб чиқилди. 

Йиғилишларда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов ва федерацияларнинг масъуллари иштирок этишди. Ҳар бир федерация тақдимоти алоҳида ўтказилди. Унда масъуллар ўзларининг мазкур давр учун ишлаб чиққан  режалари билан батафсил таништиришди. 

Замонавий бешкурашда ёш спортчиларни тарбиялаб боришга алоҳида аҳамият қаратилаётгани, яқин йилларда улар халқаро майдонда юқори савиядаги атлетлар бўлиб етишиб чиқиши таъкидланди. Шунингдек, регби спортида ҳам истиқболли режалар муҳокама қилинди. Федерация Бош котиби Қаҳрамон Жалилов хорижлик мураббийлардан ташкил топган штаб ўзбек регбиси ривожини янги босқичга олиб чиқиши кутилаётганини билдирди. 

Қайд этиш жоиз, ўқ отиш спорти турларида ҳам юқори натижалар қайд этилмоқда. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати, Жаҳон кубоги босқичларида ҳамюртларимиз ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олишмоқда. Федерация вакиллари мерганларимиз Осиё ўйинлари медаллари ва Париж-2024 Олимпиадаси лицензиялари учун астойдил кураш олиб боришини маълум қилишди. 

Учрашувлар давомида ҳар бир терма жамоаларнинг тайёргарлик режаси атрофлича таҳлил қилиниб, спортчиларнинг натижаларини ошириш, машғулотлари учун шарт-шароитларни янада яхшилаш каби йўналишларда қўшимча тавсиялар берилди.

Text to speech