Арслон Илов ва Разия Якубовага МОҚнинг эсдалик медаллари топширилди
Жорий йилнинг 15 январь куни мамлакатимизда кураш, самбо, дзюдо, каратэ каби яккакураш спорт турларининг ривожланишида улкан хизмат қилган Арслон Илов 75, мамлакатимизда трамполин спортига таъбир жоиз бўлса, пойдевор қўйган инсонлардан бири Разия Якубова 70 ёшни қарши олишган эди. Бугун ўзбек спортининг ҳар икки забардаст вакилини табриклаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, бир гуруҳ спорт фахрийлари иштирок этишди. Баҳодир Махситов кириш сўзи билан тадбирни очиб берар экан, фахрийлар номидан кун қаҳрамонларини юбилей ёшлари билан қутлаб, уларга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади. Ўз навбатида, Ойбек Касимов ҳам Арслон Илов ва Разия Якубованинг ўзбек спорти ривожига қўшган ҳиссалари учун миннатдорчилик билдирди ва уларга МОҚнинг эсдалик медалини топширди.
Маълумот учун, Арслон Илов яккакураш спорт турлари бўйича кўплаб илмий асарлар муаллифи, Ўзбекистон каратэ федерация раҳбари сифатида фаолият олиб борган. Республика Олимпия захиралари коллежида узоқ йиллар фаолият олиб борган Разия Якубова эса Пекин-2008 Олимпиадаси совриндори Екатерина Хильконинг мураббийи ҳисобланади. Ҳар икки мутахассис ҳам “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони билан тақдирланишган.
Шунингдек, Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон гимнастика федерацияси фахрийлар кенгаши ҳам юбилей эгаларига эсдалик совғаларини тақдим этишди. Тадбир сўнгида фахрийларимиз сўз олиб, кўрсатилган эҳтиром ва ғамхўрликдан мамнун эканликларини билдиришди.