Ру En O'z
30 Январь 2023 1785

Дзюдочиларимиз Алмада Гран-присини кучли учликда якунлашди

Португалиянинг Алмада шаҳрида дзюдо бўйича Алмада Гран-приси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 81 мамлакат ичида умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритди. Ҳамюртларимиз муросасиз кечган беллашувларда 2 та олтин медалга сазовор бўлишди.

Йилнинг илк турнирида Жанубий Корея термаси 4 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида ғалаба қозонди. 2 та олтин ва 1 та кумуш медалига сазовор бўлган мезбонлар иккинчи натижани қайд этишди.

Дастлаб, -66 кг вазн тоифасида Муҳриддин Тиловов, сўнг -73 кгда Обидхон Нўмонов чемпионлик шоҳсупасига кўтарилишди. Ушбу ғалаба ҳамюртларимизга жаҳон рейтинги учун 700, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида 350 очко тақдим қилди. Терма жамоамизнинг қолган иштирокчилари гарчи совриндорлар қаторидан жой олишмаган бўлсалар ҳам, қимматли рейтинг очколарини жамғаришди.

Қайд этиш жоиз, 2022 йилги Алмада Гран-присида ҳам -73 кг вазн тоифасидаги баҳслар ўзбекистонлик дзюдочи Муроджон Йўлдошевнинг ғалабаси билан якунланган эди. Энди терма жамоамиз 4-5 февраль кунлари Париж шаҳрида ўтадиган “Катта дубулға” турнирида иштирок этади.

Text to speech