Чилонзордаги фуқаролар билан сайёр қабул ўтказилди
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддиларидан тузилган Республика ишчи гуруҳи ҳудудлардаги ўрганиш ишларини якунламоқда. Тошкент шаҳридаги вазият таҳлил қилингач, расмийлар билан сайёр қабуллар ташкил этиляпти. Ана шундай қабуллардан бири Чилонзор туманида жойлашган Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ўтди.
Тадбирда МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, ушбу муассаса директори Аброр Мамадалиев, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Акбар Вакилов ва туманда истиқомат қилаётган фуқаролар иштирок этишди.
Қабул давомида фуқаролар маҳалла ва секторлардаги спорт инфратузилмасини мустаҳкамлаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, шароитларни янада яхшилаш бўйича таклифларини билдиришди. Шунингдек, жойлардаги мавжуд муаммолар ўртага ташланиб, уларга биргаликда ечим изланди. Тадбир якунида белгилаб олинган масалалар юзасидан ходимларга керакли топшириқлар берилди. Йўналишлар ва мавзулар бўйича масъуллар бириктирилди.