Шерзод Ташматов бошчилигидаги гуруҳ Яшнобод туманидаги спорт мактабларини кўздан кечирди
МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддиларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи билан пойтахтимиздаги спорт мактабларини ўрганишда давом этмоқда. Мутахассислар бу гал Яшнобод туманида бўлишди.
Ўрганиш ишлари тумандаги 2 та спорт мактаби мисолида чуқур таҳлил қилинди. Мутасаддилар ихтисослашган муассасаларнинг фаолиятини йўлга қўйишда ўша ҳудуддаги ёшларнинг хоҳиш-истагини инобатга олиш, маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар ўртасида мунтазам мусобақалар ўтказиш, “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш каби масалаларга алоҳида аҳамият қаратишди.
Ишчи гуруҳ тўгаракларнинг жадвали билан танишиш баробарида, мактаблардаги инвентарларнинг ҳолати, заллардаги шароитларни батафсил кўздан кечиришди. Шаҳар ва туман бошқарма вакилларига ҳар бир мактаблардаги моддий-техник ҳолатни таҳлил қилиш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.