Адҳам Икрамов ёшларни спортга жалб этишдаги Ҳиндистон тажрибаси билан танишмоқда
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири Адҳам Икрамов шу кунларда Ҳиндистонда хизмат сафарида бўлиб турибди. Унда вазир мамлакат спорт тизими, чекка ҳудудларда ёшларни спортга жалб қилиш тажрибасини ўрганиш доирасида Уттар-Прадеш штатининг Мерут шаҳрига ташриф буюрди. Сафар давомида Адҳам Икрамовга Ўзбекистоннинг Ҳиндистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Дилшод Аҳадов ҳамроҳлик қилмоқда.
Крикет Ҳиндистонда энг оммабоп спорт тури ҳисобланади. Чим устида хоккей, каббади, спортнинг яккакураш, ўқ отиш турлари ҳам кенг тарқалган йўналишлар қаторига киради. Вазир ташриф давомида маҳаллий ишбилармон Ажай Гупта асос солган “Гурукул” спорт академияси ҳамда “Godwin Public School” мактабларининг фаолияти билан танишди.
“Гурукул” қадимий ҳинд анъаналари асосида камондан отишга ихтисослашган спорт мактаби бўлиб, у ерда 90 нафарга яқин ёшлар шуғулланмоқда. Таълим масканининг асосий мақсади – чекка ҳудудларда ёш спортчиларни етиштириб чиқариш ҳамда уларни миллий терма жамоа сафига сараланишини таъминлаш. Машғулотлар кунига 6 соат давом этади. Ўқувчилар ҳам шу жойда бепул таълим олади, спорт тури билан шуғулланади ва истиқомат қилади. Давлат шу тизимни қисман молиявий тарафдан қўллаб-қувватлайди ва спорт турлари бўйича мураббийларга ҳақ тўлайди.
“Godwin Public School” мактаби ҳудуддаги машҳур спорт даргоҳларидан ҳисобланади. Мактаб директори Винарма Шарма ҳамда Ҳиндистон ушу федерацияси президенти Бупендер Бажва Адҳам Икрамовга амалга оширилаётган ишлар, муассаса фаолияти ҳақида батафсил маълумот беришди. Қайд этиш жоиз, ташриф “Fit India School Week” ҳафталига тўғри келди. Бу эса ҳудудда ишлаётган тизим қанчалик ўз самарасини кўрсатаётганига гувоҳ бўлиш учун айни қулай фурсат эди. Адҳам Илҳамович мактабдаги тўгаракларни шахсан кўздан кечириш баробарида спортчилар билан суҳбатлашди.
Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ҳиндистонлик мутахассислар томонидан йўлга қўйилган тизимни юқори баҳолаб, унинг ўзига хосликлари, маҳаллий спортчилар ва ўзбекистонлик атлетлар ўртасида қўшма машғулотлар ташкил этиш ҳақида фикр алмашди. Шунингдек, Адҳам Икрамов ҳиндистонлик спортчиларни 7-10 сентябрь кунлари Хива шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Халқаро этноспорт фестивалига таклиф қилди.