Республика ишчи гуруҳи Миробод ва Яккасарой туманларидаги спорт мактабларининг фаолияти билан танишди
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддиларидан ташкил топган Республика ишчи гуруҳи ҳудудлардаги спорт мактабларининг фаолиятини ўрганишда давом этмоқда. Бугун МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов бошчилигидаги мутахассислар пойтахтимиздаги Миробод ва Яккасарой туманларида бўлишди.
Мутасаддилар ҳудудлардаги бир қатор спорт мактабларига ташриф буюриб, уларнинг имкониятларини кўздан кечиришди. Мазкур объектларда “Беш ташаббус олимпиадаси” Республика оммавий спорт мусобақаларининг турли босқичлари ўтказилмоқда. Расмийлар бундай беллашувлар ҳудудлардаги иқтидорли ёшларни селекция қилиш учун ажойиб имконият экани, унинг ҳар бир босқичини шаффоф ва адолатли ўтказган ҳолда маҳаллалардаги оммавий спорт тарғиботини кучайтириш муҳимлигини таъкидлашди.
Ўрганиш жараёнида ҳудудлардаги спорт соғломлаштириш гуруҳларининг фаолияти ҳам таҳлил қилинди. Ҳар бир спорт мактаби ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг имкониятлари кўздан кечирилиб, иш самарадорлигини ошириш, қўшимча тўгараклар ташкил этиш, мураббийлар салоҳиятини кучайтириш, маҳаллалардаги ёшлар фаоллари билан ишлаш бўйича керакли тавсиялар берилди.