Бектемир, Сергели ва Олмазор туманларидаги спорт инфратузилмаси Республика ишчи гуруҳи нигоҳида
МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги мутасаддилари билан пойтахтдаги спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари фаолиятини ўрганиб чиқаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Куннинг иккинчи ярмида Республика ишчи гуруҳи Бектемир, Сергели ва Олмазор туманларига ташриф буюриб, ҳудудларда оммавий спорт тарғиботини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Соҳа мутахассислари билан ўтган йиғилишда ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун кенг шароитлар яратиб бериш, спорт мактабларининг имкониятларини чуқур таҳлил қилиш ҳақида сўз борди. Учрашувда маъмурий ислоҳотлар доирасида ёшлар ва спорт йўналишида ишларни янги тизим асосида ташкил этиш, бу борада белгиланган муҳим вазифалар, ёшлар билан ишлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш, спорт соҳасини рақамлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, мутасаддилар маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан учрашувда уюшмаган ёшларни спортга жалб этиш бўйича уларнинг фикрларини ўрганишди. Шундан сўнг спорт мактабларига ташриф буюриб, у ердаги тўгараклар фаолияти, муассасаларнинг моддий-техник базасини кўздан кечиришди. Шуғулланаётган ўқувчилар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклифлари ўрганилди.