Ёшлар ишлари агентлиги ва спорт мактаблари вакиллари билан янги режалар муҳокама қилинди
Бугун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда унинг қошидаги Ёшлар ишлари агентлиги, Миллий Олимпия қўмитаси раҳбар ва ходимлари ҳудудларда ўрганиш ишларини бошлашди. Куннинг биринчи ярмида Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов Тошкент шаҳар Ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси вакиллари билан учрашиб, у ерда фаолият олиб бораётган ишчи ходимлар билан танишди.
Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турлари тайёрлаш марказида ўтган тадбирда ушбу муассаса директори Аброр Мамадалиев, Тошкент шаҳар ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси бошлиғи Акбар Вакилов, Республика ишчи гуруҳи вакиллари, туманлардаги спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактаблари раҳбарлари иштирок этишди.
Учрашувни Шерзод Ташматов олиб борар экан, янги ташкил этилган вазирлик билан ёшларни оммавий спортга жалб этиш қамровини ошириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, ҳар бир тумандаги бошқарма ходимлари, спорт мактаблари ва Ёшлар ишлари агентлиги вакиллари билан суҳбатлашиб, амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.