РСТИАМ ишчи гуруҳи Ўзбекистон гимнастика федерациясининг тиббий блокини кўздан кечирди
МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) директори Камол Сирожитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Ўзбекистон гимнастика федерациясига ташриф буюриб, у ерда тиббий йўналишда олиб борилаётган ишлар билан танишди. Мутасаддиларни федерация раисининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Гўзал Мўминова қарши олди.
Камол Комилович ташриф давомида федерация шифокори билан спортчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, машғулотдан сўнг уларнинг тикланиш жараёнини бир маромда йўлга қўйиш, қўлланилаётган дори воситалари ҳақида суҳбатлашди. Ошхонада тайёрланаётган овқатлар рациони ўрганилди.
Қолаверса, тиббиёт хонаси кўздан кечирилиб, у ердаги техникалардан максимал даражада фойдаланиш бўйича қўшимча тавсиялар берилди. Ташриф якунида РСТИАМ мутасаддилари мазкур йўналиш бўйича доимо ёрдам беришга тайёр экани билдирилди.