Ру En O'z
25 Январь 2023 1330

Терма жамоаларнинг Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига тайёргарлиги тақдимоти ўтказилмоқда

Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган XIX Осиё ўйинлари ўзбек спорти учун жорий йилдаги энг муҳим старт ҳисобланади. Мутасаддилар терма жамоаларимизнинг қитъа Олимпиадасига олиб бораётган тайёргарлигини таҳлил қилиб боришмоқда. Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида Ўзбекистон оғир атлетика ва қиличбозлик федерацияларининг бу борадаги режалари кўриб чиқилди.

Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, федерация масъуллари, мураббийлар иштирок этишди.

Федерациялар вакиллари даставвал жорий йил учун ишлаб чиқилган устувор режалар, Осиё ўйинларида иштирок этиши кутилаётган асосий ва захира таркиб, кўзланаётган натижалар хусусида тўхталишди. Шунингдек, тайёргарлик йўлида ташкил этиладиган маҳаллий ҳамда халқаро йиғинлар, мусобақалар ҳақида атрофлича фикр алмашилди.

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон делегацияси шу пайтгача Осиё ўйинларида қиличбозлик дастурида медаль олмаган. Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси Ханчжоуда бу қора “анъана”га чек қўйишни мақсад қилган. Қолаверса, оғир атлетикачиларимиз ҳам ўзларининг энг яхши натижасини янгилашни кўзлашган.

Йиғилиш давомида мутасаддилар спортчиларимизнинг тайёргарлиги давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланаётгани, бунинг учун барча шароитлар яратиб берилишини таъкидлаб, тақдимот бўйича қўшимча тавсиялар беришди.

Text to speech