Ру En O'z
21 Январь 2023 2061

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси 31 ёшда!

Бугун 2023 йил 21 январь. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ташкил этилганига 31 йил тўлди.  1993 йилнинг сентябрь ойида Халқаро Олимпия қўмитасининг 101-Сессиясида Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ХОҚ томонидан расман тан олинган ва шундан сўнг ташкилот халқаро майдонда фаолият олиб бориш имкониятига эга бўлган. 

Шу кундан эътиборан, Ўзбекистон мунтазам равишда ёзги ва қишки Олимпия ўйинларида қатнашиб келмоқда. МОҚ бугун мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, олимпизмнинг пок ва эзгу ғояларини илгари суриш  йўлида кенг кўламда иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаб, нуфузли спорт ташкилотлари, етакчи спорт державалари билан кенг қамровли ҳамкорликни йўлга қўйган.

Ортда қолган вақт мобайнида Ўзбекистон делегацияси 8 та қишки ва 7 та ёзги Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Миллий Олимпия қўмитаси халқаро ареналарда, комплекс мусобақаларда муваффақиятга эришиш учун Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, спорт федерациялари ва ассоциациялари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда. Президентимиз ва ҳукуматимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши билан Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига катта ҳажмда тайёргарлик олиб борилмоқда. Лицензион мусобақаларга ҳозирлик кўраётган терма жамоаларимизнинг маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этиши учун имконият яратилмоқда.

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги байрам муносабати билан спорт турлари бўйича федерация ва ассоциацияларни, терма жамоаларимизни, олимпиячиларимизни ва уларни тарбиялаётган жонкуяр мураббийларимизни, ўзбек спортининг ашаддий мухлисларини самимий муборакбод этамиз.

Text to speech