Ру En O'z
19 Январь 2023 1208

Жорий йил Париж-2024га олиб борилаётган тайёргарликни кўрсатиб беради

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида 2023 йил бўлиб ўтадиган йирик мусобақаларга тайёргарлик, шунингдек, терма жамоаларда фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассислар билан ишлаш мавзуларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, МОҚ раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, федерация ва ассоциация масъуллари иштирок этишди.

Йиғилишни Шаҳрулло Маҳмудов олиб борди ва кун тартибидаги масалаларнинг муҳимлигига тўхталиб ўтди. Мутахассиснинг фикрига кўра, жорий йил асосий эътибор Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида муносиб иштирок этиш ҳамда Париж-2024 Олимпиадасига имкон қадар кўпроқ лицензиялар қўлга киритишга қаратилади. Хусусан, Осиё ўйинларида камида 2018 йилги натижани қайтариш мақсади қўйилганини билдирди.

Ўз навбатида, Ойбек Касимов терма жамоаларни молиялаштириш барқарор кетаётгани, тайёргарлик ҳукуматимиз томонидан тўлақонли қўллаб-қувватланаётгани ҳақида тўхталди. Қолаверса, федерациялар масъулларидан ажратилаётган маблағларни мақсадли сарфлаш лозимлигини сўради. Шунингдек, Шерзод Ташматов ҳар бир жамоанинг тайёргарлик режаларини яна бир карра кўриб чиққан ҳолда чуқур таҳлил қилиш лозимлигини таъкидлади.

Мутасаддилар яқинлашиб келаётган Олимпия ўйинларига 400 нафардан ортиқ спортчи билан тайёргарлик кўрилаётгани ҳақида маълум қилишди. Тадбир давомида яна бир қатор истиқболли режалар кўриб чиқилди. Эртадан график асосида ҳар бир терма жамоаларда фаолият олиб бораётган хорижлик мутахассислар билан ҳамкорликнинг янги босқичлари федерация мутасаддилари иштирокида батафсил кўриб чиқилиши ҳақида келишиб олинди.

Text to speech