FISU президенти билан ҳамкорликнинг янги қирралари муҳокама қилинди
Лейк-Плейсид (АҚШ) шаҳрида XXXI Бутунжаҳон қишки Универсиада ўйинларида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси аъзолари Халқаро университетлар спорти федерацияси (FISU) президенти Леонц Эдер билан учрашишди. Унда Ўзбекистон Талабалар спорти ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари, FISU аъзоси Эркин Қодиров, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги бошқарма бошлиғи Миржамол Юнусов ҳамда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Халқаро алоқалар департаменти бош мутахассиси Нозим Атакуловлар иштирок этишди.
Учрашувда Леонц Эдер давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан, талабалар спортини ривожлантиришга берилаётган эътибордан хабардор эканини билдирди. Шунингдек, мамлакатимизнинг FISU аъзолари орасида алоҳида ўринга эга экани, талаба атлетларимиз мунтазам равишда халқаро майдондаги мусобақаларда фаол иштирок этиб келиши ҳақида тўхталди.
Самимий руҳда ўтган суҳбат давомида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, халқаро ташкилот томонидан ўтказиладиган Форум ва Ассамблеяларни диёримизда ташкил этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашишди.