Ру En O'z
18 Январь 2023 1810

Амалия Сулаймонова Кореядаги турнирда олтин медалга сазовор бўлди

Уч нафар ёш фигурали учувчиларимиз Корея Республикасида ташкил этилган “Орзу дастури” (Dream Program) лойиҳасида қатнашаётгани ҳақида маълум қилган эдик. Ҳамюртларимиз мазкур дастурдаги иштирокларини якунлашди.

13-17 ёшли қишки спорт турлари атлетлари учун ўтказилган тадбир давомида ёш спортчиларимиз улкан тажрибага эга бўлишди. Аҳамиятлиси, фигурали учиш бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси аъзоси Амалия Сулаймонова тадбир доирасида ўтказилган ўзига хос мусобақада биринчи ўринни қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Мазкур лойиҳада жаҳоннинг 25 мамлакатидан ташриф буюрган 130 нафарга яқин ёш атлетлар иштирок этганлигини таъкидлаш ўринли.

Мазкур лойиҳа Корея Республикаси ва Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмиталари ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади мамлакатимизда қишки спорт турларини янада ривожлантириш, 2026 йил Италиянинг Милан ва Кортина д'Ампеццо шаҳарларида бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларида иштирок эта оладиган ёш авлод вакилларининг имкониятларини синовдан ўтказишга қаратилган.

Шак-шубҳа йўқки, бундай даражадаги халқаро лойиҳалар келгусида ёш спортчиларимизга хорижлик кучли рақиблар билан тажриба алмашиш, жаҳоннинг йирик спорт ареналари ва мусобақалар атмосферасини ҳис қилиш, шу орқали халқаро майдонда тобланиб бориш имконини беради ва кун келиб албатта ўз самарасини кўрсатади.

Text to speech