Триатлон билан рўйи замин сайқалини қайтадан кашф қиламиз
16-17 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида триатлон бўйича “Challenge Samarkand” халқаро мусобақаси бўлиб ўтади. “Silk Road Samarkand” туристик комплекси бўйлаб ташкил этиладиган ушбу мусобақада дунёнинг турли чеккаларидан ташриф буюрадиган 1700 нафар атлет иштирок этиши кутилмоқда.
Бугун Миллий матбуот марказида мазкур мусобақага бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, федерация раисининг биринчи ўринбосари Фарруҳ Носиров ва кўплаб ОАВ ходимлари иштирок этишди. Шунингдек, “Challenge Family” мусобақалари бош директори Жорт Влам анжуманда ZOOM платформаси орқали қатнашди.
Даставвал, Елена Кун ва Фарруҳ Носиров мусобақа ҳақида умумий маълумот беришди. Унга кўра, баҳслар профессионал ва ҳаваскорлар ўртасида спринт ва ўрта масофаларда шахсий ҳамда жамоавий, қолаверса, алоҳида аёллар ва болалар ўртасида ташкил этилади. Аҳамиятлиси, ушбу тоифадаги мусобақа нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилади. Жорт Влам “Challenge Family” таснифидаги пойгалар бой тарихга эга Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтиши халқаро ташкилотда катта қизиқиш уйғотаётгани, бу орқали триатлон оиласи ўзбек халқининг маданияти билан яқиндан танишиш имкониятига эга эканидан мамнунлигини билдирди.
Ўз навбатида, Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Ойбек Касимов мамлакатимиз мазкур мусобақани ҳам юқори савияда ташкил этишга тайёр экани, бу орқали ҳамюртларимиз орасида триатлонни янада оммалаштириш кўзда тутилгани ҳақида алоҳида тўхталишди. Пойга йўналишининг шаҳардаги тарихий обидалар бўйлаб ўтиши Самарқанднинг туристик имкониятларини спорт орқали янада кенг очиб беришини қўшимча қилишди. Шундан сўнг ОАВ ходимлари тадбир юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Қизиқарли мунозараларга бой бўлган анжуман давомида федерация мутасаддилари терма жамоамиз вакилларининг Париж-2024 Олимпия ўйинларига йўлланма олишни режалаштираётгани, бу йўлда “Challenge Samarkand” мусобақаси триатлетларимизнинг имкониятини кўздан кечириш учун қулай старт бўлишини таъкидлашди. Тадбир якунида мазкур мусобақада қатнашиш истагида бўлганлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш бошлангани маълум қилинди.