Ру En O'z
29 Ноябрь 2020 5656

Шерзод Ташматов: “Мураббий ҳам, спортчи ҳам зиммасидаги масъулиятни оширмаса, натижага эришолмайди”

“OlympicUz” ахборот-таҳлилий дастурининг бу галги сони Токиода бўлиб ўтадиган XXXII Олимпия ўйинларига ўзбекистонлик спортчиларнинг тайёргарлигига бағишланди. Дастур меҳмони – Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари в.б., Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Ташматов бўлди.

– Шерзод Рихсибоевич, авваламбор, Миллий олимпия қўмитасида масъулиятли лавозимга тайинланганингиз билан табриклаймиз. Сизни малакали, етук спорт менежери сифатида яхши биламиз. Рио-2016 Олимпиадасида боксчиларимиз қўлга киритган натижаларда сизнинг ҳам бевосита ҳиссангиз бор. Янги лавозимда янги стратегиялар ишлаб чиқдингизми? Уларни амалга ошириш механизмлари қандай кечади?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 мартдаги “Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги ПҚ-2821-сон қарори биз учун дастуриламал. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси томонидан тизимли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Бу нималардан иборат? Аввало, жойларда ўтказилаётган ҳар бир ўқув-машғулот йиғинида иштирок этиб, ўша ердаги спортчи ва мураббийларнинг ҳолати ва шароитини ўрганувчи, муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берадиган ишчи гуруҳ тузилган.

– Шу пайтгача дзюдо, енгил етлетика, сузиш, камондан отиш, бокс каби спорт турлари фаолияти ўрганилди. Ўрганиш жараёнида қандай хулосалар қиляпсиз? Муаммолар кузатилаётган бўлса, уларнинг ечими борасида қандай вазифалар таклиф қилиняпти?

– Иш бор жойда камчилик бўлади. Қандайдир муаммо кузатилса, ишчи гуруҳ томонидан масала жойида ҳал қилинади. Аввало, спортчи қилаётган иши оиласи, Ватани учун қанчалик муҳимлигини қалбига жойлай олса, у янада жадаллашади. Мураббий ҳам, спортчи ҳам зиммасидаги масъулиятни ошириши керак. Биз йўл-йўриқ кўрсатишимиз мумкин. Лекин мураббий ёки спортчи зиммасидаги юкни ҳис этмаса, ўз устида ишламаса, керакли натижага эришиш қийин кечади. Шу пайтгача саралаш ва селекция босқичлари ўтказилди. Иқтидорли ёшлар танлаб олинди. Лекин иқтидори бўлгани билан тажрибаси, психологик ёндашуви бўлмаса, тизимли равишда битта мурват ишламаса, бутун механизм нотўғри кетаётган бўлади. Мен Токиода юртимнинг байроғини кўтараман, деган эзгу қараш бўлмас экан, кўзлаган маррага эришиш қийин кечади.

– Пандемия мусобақа ва машғулотларнинг кам ўтказилиши билан ёдда қоладиган бўлди. Спортчи рақибини ҳис қилишни ўрганмас экан, ғалаба қозона олмайди. Мана шу камчиликларга ечим топиш учун қандай таклифларни билдирасиз?

– Карантин давомида спортчиларимиз онлайн машғулотларни олиб боришди. Бунинг учун етарли шарт-шароитлар яратиб берилди. Ҳар бир спорт федерацияси ва ассоциацияларидаги етакчи спортчиларга 3-4 нафардан муносиб спарринг-рақиб саралаб олиниб, машғулотлар ўтказиши учун имконият бериляпти. Улар камида республика чемпиони, халқаро турнирлар ғолиби, ёшлар терма жамоаси аъзолари бўлиши керак. Нега ёшлардан олиняпти? Сабаби, келажакда айнан шу ёшлар навбатдаги мусобақалар учун тажриба орттириш имконига эга бўлишади.

– Шерзод Рихсибоевич, эпидемиологик вазият нафақат бизга, балки бутун дунёдаги спортчиларнинг жисмоний ҳолатига раҳна соляпти, мусобақалар форматлари ўзгариб кетди. Токио Олимпиадасига пандемия қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?

– Олимпиада учун ҳаракат қилаётган ҳар бир федерация олдида аниқ белгиланган дастур ва чора-тадбирлар режаси бўлади. Мусобақалар номаълум муддатга қолдирилгани сабаб қийинчиликлар туғиляпти. Лекин бу спортчи шу ерда тўхташи керак, дегани эмас. Ўзи ҳам ечим қидириши, вазиятдан чиқиб кетиш йўлларини излаши керак. Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси мутахассислари ҳамиша мулоқотдамиз. Қаерда муаммо сезилса, тезкор ҳал қилиш учун ёндашамиз.

– Ханчжоу-2022 Осиё ўйинлари ва Париж-2024 Олимпия ўйинлари учун талаб ҳар қачонгидан кўра юксакроқ бўлмоқда. Вақт эса кутиб турмайди. Селекция сиёсатини юритишда кўпроқ нимага эътибор қаратиляпти?

– Ҳар бир спорт турида асосий таркибда энг зўр, иқтидорли спортчи бўлиши керак. Спортчиларни шакллантириш манбаи қаерда? Чекка-чекка ҳудудларда мусобақалар ташкиллаштириб, республика турнирларида иштирокини кузатиб, навбатдаги олимпия цикли учун тайёрлаш керак. Гарчи ўсмирлар Олимпиадаси 2026 йилга қолдирилган бўлса-да, фожиа ясамасдан, ҳозирги ўсмирларга кенгроқ шароит яратиб бериб, уларга катта мусобақалар ҳадисини олишни ўргатишимиз, Осиё ўйинлари муҳитини ҳис этишини таъминлаб беришимиз керак. Шунда битта авлодни йўқотиб қўймаймиз.

– Енгил атлетика ва сузиш бўйича энг кўп медаллар жамланмаси ўйналишига қарамай, Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар медаллар учун яқин ҳам боришмаган. Нафақат лицензиялар сонини ошириш, балки совринли ўринларга ҳам даъвогарлик қилиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

– Ҳар бир спорт федерацияси ва уларнинг ҳудудлардаги бўлимларини имкон қадар мутахассислар билан шакллантириш керак. Ҳаётини шунга бағишлаган инсонлар билан кадрлар захирасини яратиш лозим. Ўз ишини яхши биладиган мураббий, ҳакам, шифокор, селекционерни жой-жойига қўя олсак, натижага эришиш мумкин. Халқаро даражада ишлай оладиган мутахассисларгина самара беради. Зарур турнирларда қатнашишни ва совринли ўринлар қайд этишни, кези келганда, ўқув-машғулот йиғинлари ташкил этиш кераклигини билиши лозим.

– Сизни муваффақиятли спорт менежери сифатида дастлаб муай-тай, кейинчалик боксда қўлга киритилган ғалабалар учун масъул киши, деб билишади. Миллий олимпия қўмитасидан ташқари, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раислиги ҳам зиммангизда турибди. Шу маънода, мухлисларингиз ушбу спорт турида ҳам муваффақиятли юришлар кутиши табиий.

– 2019 йил июнь ойларида ташкилот раҳбарлигига келган бўлсам, ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини илк маротаба Тошкентда ўтказдик. Бу таэквондонинг янада ривожланишга жуда катта туртки берди. “Халқлар дўстлиги” саройи майдонида 3000 нафар ёш иштирокида флешмоб ташкил этдик. Ҳаттоки Бутунжаҳон таэквондо федерацияси президенти Чунг Вон Чои жаноблари ҳам бундай катта ҳажмдаги флешмобни ҳайрат билан қабул қилди ва миннатдорчилик билдирди. Энди бевосита Олимпиада масаласига келсак, таэквондода Гран-При мусобақалари бор. Унда дунё рейтингида кучли ўттизталикка кирган спортчилар баҳс олиб боришади. Никита Рафалович, Светлана Осипова, Нигора Турсунқулова, Мадинабону Маннопова каби спортчиларимиз Иордания, Туркия каби давлатлардаги мусобақаларда муваффақиятли қатнашиб келишди. Бир сўз билан айтганда, терма жамоада етарлича иқтидорли спортчиларимиз бор. Уларнинг ёрдами билан биз кўзланган натижага албатта эришамиз.

 Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!

Зафар Имомхўжаев суҳбатлашди.

Text to speech