Ру En O'z
13 Январь 2023 1714

Кураш оламида янги мусобақалар даври бошланмоқда

БААнинг Дубай шаҳрида Халқаро кураш ассоциациясининг (IKA) йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2023 йил IKA таснифида ўтадиган халқаро мусобақалар тақвими кўриб чиқилди. Мазкур тадбирда Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё Олимпия кенгашининг Осиё ўйинлари департаменти Бош директори Ҳайдар Фармон, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, IKA мутасаддилари, қитъалардаги кураш ассоциацияларининг раҳбарлари, Ўзбекистон кураш федерацияси вакиллари иштирок этишди. 

Йиғилишда жорий йилдан амал қиладиган “Kurash–World Series Pro” мусобақасини ўтказиш тасдиқланди. Унга кўра, ҳар бир қитъада йилига икки бор “World Series Pro (WSP)” турнири ўтказилади. Мусобақалар давомида курашчиларнинг рейтинги шакллантириб борилади. Ушбу турнирлар якунида ҳар бир қитъанинг ўз вазнидаги энг кучли 2 нафар курашчиси Тошкентда ўтадиган якуний WSP-Masters мусобақасига йўл олади. 

Беллашувлар эркаклар ўртасида -66 кг, -81 кг -100 ва мутлақ вазн, аёллар ўртасида эса -57 кг, -70 кг ва мутлақ вазн тоифаларида ўтказилади. Йиғилишда турнирнинг регламенти атрофлича кўриб чиқилди. Мазкур сериядаги ҳар бир мусобақа IKA томонидан ташкил этилади ва ташкилот мутахассислари томонидан назорат қилинади. 

Мусобақа Ўзбекистон Республикаси Президенти, IKA фахрий президенти томонидан қўллаб-қувватланади ва Ўзбекистон ҳукумати томонидан молиялаштирилади.

Шунингдек, йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Президент қарорига биноан миллий спортимиз курашни халқаро майдонда янада кенг тарғиб қилиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу спорт энди ривожланаётган мамлакатларга кураш гиламларини етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди ва келишиб олинди.

Text to speech