Федерация масъулларига аномал совуқ даврида терма жамоаларнинг шароитларини яхшилаш бўйича топшириқ берилди
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ҳамда Миллий Олимпия қўмитаси раиси ўринбосари Шерзод Ташматов спорт федерация ва ассоциациялари билан Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик ҳолатини кўздан кечиришди. Йиғилишда федерация масъуллари ZOOM платформаси орқали онлайн иштирок этишди.
Кун тартибига мувофиқ, даставвал, юртимизга кириб келган аномал совуқ даврида терма жамоаларнинг ўқув-машғулот йиғинлари учун яратилган шароитларни янада яхшилаш масаласи кўриб чиқилди. Мутасаддилар айни пайтда мамлакатимизда шуғулланаётган терма жамоаларнинг ҳолатини ўрганиш, спортчиларга берилаётган озиқ-овқатлар рациони, хоналарининг ҳароратини кўздан кечириш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар беришди.
Шундан сўнг жорий йил давомида бўлиб ўтадиган комплекс мусобақалар, Осиё ва жаҳон чемпионатларига тайёргарлик режалари муҳокама қилинди. Бу борада ҳар бир жамоа учун ташкил этиладиган ўқув-машғулот йиғинлари, маҳаллий ҳамда халқаро мусобақалар режасини яна бир бор таҳлил қилиш юзасидан қўшимча кўрсатмалар берилди.