Велоспортчиларимиз Туркия йиғинида
Айни пайтда велоспорт бўйича Ўзбекистон терма жамоаси асосини ташкил этадиган "Tashkent City Professional Cycling Team" клуби Туркиянинг Анталья шаҳрида ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. 16 декабрда бошланган йиғин роппа-роса 1 ойга мўлжалланган.
Мураббий Глеб Гройсман спортчиларни эркаклар ва аёллар тоифасида шоссе ҳамда трек йўналишидаги гуруҳларга бўлган. Йиғиндан сўнг ҳар бир гуруҳ ўзлари учун ишлаб чиқилган режа асосида турли халқаро мусобақаларда иштирок этишади. Жумладан, шоссе бўйича аёллар жамоаси Кипр ва Туркия, эркаклар эса БАА ва Туркияда ташкил этиладиган халқаро мусобақаларда қатнашишади.
Трекчилар эса дастлаб январь ойининг сўнгида Португалияда ўтадиган Париж-2024 Олимпиадаси йўлидаги лицензион турнирда, шундан сўнг Малайзиядаги халқаро турнир ва Индонезияда Жаҳон кубоги босқичида омадини синаб кўришади. Йиғинда қатнашаётган спортчиларнинг умумий сони 27 нафарни ташкил қилади. Мурод Холмуродов ҳамда Ольга Забелинская алоҳида тартибда шуғулланишмоқда.