Ру En O'z
6 Январь 2023 1281

Ойбек Касимов Япония элчиси билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди

Бугун Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси жаноб Хатори Такаши Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Қўмита Бош котиби Ойбек Касимов қарши олди. Учрашув давомида томонлар ўртасидаги дўстона алоқаларни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмаштириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ойбек Касимов 2023 йил ҳисобидан илк расмий учрашувни жаноб Такаши билан ўтказаётганидан мамнун эканини билдирди. МОҚ Бош котиби Япониянинг нафақат қитъамиз, балки бутун жаҳонда етакчи спорт державаларидан бирилигини таъкидлаб, бундай мамлакат билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ўзбек спорти ривожи учун фақат фойда бўлиб хизмат қилишини урғулади. Бу борада Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларидан аввал Ўзбекистон МОҚ ҳамда Майдзуру шаҳри ҳамкорлик меморандуми асосида бир қатор лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида гапириб берди.

Ўз навбатида, Хатори Такаши мамлакатимиз спорти ҳақида илиқ фикрлар билдирди. Хусусан, Токио-2020 Олимпия ўйинларида делегациямиз томонидан қўлга киритилган натижага юқори баҳо берди. Элчи жаноблари мамлакатимиздаги қисқа фаолияти давомида кўплаб соҳаларни ўрганиб чиққани, жумладан, “Амирсой” дам олиш маскани ва “Ҳумо арена” муз саройининг имкониятларини юқори баҳолади.

Суҳбат давомида йирик спорт мусобақалари, хусусан, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик кўришда Япония тажрибасидан кенг фойдаланиш, 2026 йил Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида ўтадиган Осиё ўйинларига ҳозирлик йўлида ҳамкорлик қилиш, терма жамоалар ўртасидаги қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш каби масалалар юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Text to speech