Ру En O'z
5 Январь 2023 1637

Ўзбек спорти оиласи Игорь Барабанни 75 ёши билан қутлади

2 январь куни юртимиз спортининг фахрийларидан бири Игорь Петрович Барабан ўзининг 75 ёшини қарши олди. Бугун Миллий Олимпия қўмитасида кенг жамоатчилик олдида Игорь Петровични ушбу юбилей айём билан табриклаш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Вазир маслаҳатчиси Аваз Каримов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги фахрийлар иштирок этишди. 

Даставвал Игорь Барабаннинг ҳаёт йўлини ўзида жамлаган автобиографик видеоролик намойиш этилиб, кун қаҳрамонининг узоқ ва сермаҳсул фаолияти ёдга олинди. Шундан сўнг Алишер Саъдуллаев Игорь Петровични Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги номидан табриклаб, унга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилади. Шунингдек, унинг ҳаёт йўли ёшлар учун намуна бўлишини алоҳида таъкидлади. 

Ўз навбатида, Ойбек Касимов ҳам 75 ёшни қарши олган спортимиз фидойисининг мамлакатимизда Олимпия ҳаракати тарғиботини кучайтиришдаги ўрни ҳақида тўхталди. Сўз якунида миннатдорчилик рамзи сифатида узоқ йиллик меҳнати учун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг эсдалик нишонини топширди. 

Тадбир давомида Баҳодир Махситов, Ўзбекистон теннис федерацияси ҳамда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси вакиллари, фахрийлар ҳам Игорь Барабанни таваллуд айёми билан қутлашди.

Маълумот учун, Игорь Петрович Барабан 1948 йил 2 январь куни Самарқанд шаҳрида дунёга келган. У инсон Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига асос солинишида бевосита иштирок этган мутахассислардан саналади. 1992 йил МОҚ ташкил этилгач 2005 йилгача Қўмита раисининг ўринбосари, кейинчалик Бош котиб лавозимларида юртимизда Олимпизм ҳаракатини кенг тарғиб қилиш йўлида фаолият олиб борди. Шундан сўнг Ўзбекистон теннис ҳамда йилқичилик ва от спорти федерацияларида ҳам самарали меҳнат қилди.

Text to speech