Ру En O'z
26 Январь 2021 5832

Ўзбекистонга Осиё ўйинларидаги илк олтин медални тақдим этган боксчи – Алишер Авезбаев билан суҳбат

Бундан бир неча кун олдин Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари хизмат сафари билан Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб қайтишди. Ушбу сафар давомида Ўзбекистон бокс федерацияси Қорақалпоғистон бўлимига янги раис тайинлади. Бўлимнинг навбатдан ташқари конференциясида Ўзбекистон тарихида Осиё ўйинларида биринчи олтин медални қўлга киритган боксчи, Хиросима-1994 ўйинлари чемпиони Алишер Авезбаев ҳам қатнашди. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати собиқ боксчимиз билан интервью ташкил этди.

– Ассалому алайкум, Алишер ака. Сизни бугунги мухлислар у қадар яхши танишмайди. Аммо биламизки, мустақил Ўзбекистон учун Осиё ўйинларидаги илк олтин медални айнан Сиз 1994 йили қўлга киритгансиз. Бугунги кунда нималар билан бандсиз?
– Айни пайтда Хўжейли шаҳридаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида методист сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Ўзим ҳам айнан Хўжейлида туғилганман. Мураббийлик фаолияти билан ҳам шуғулланиб турибман. Шогирдларим Қорақалпоғистон миқёсидаги мусобақаларда чемпион ҳам бўлишган. Сизларни Қорақалпоғистонда кўриб турганимдан хурсандман.

– Алишер ака, сиз қорақалпоқ боксининг яқин ўтмишдаги ёрқин намоёндаларидан бирисиз. Келинг, фаолиятингиздаги энг ёрқин дамлар – 1994 йилги Осиё ўйинларини ёдга оламиз.
– 1994 йилни эсласак, у пайт Владимир Николаевич Шин бошчилигида ажойиб терма жамоа шаклланган эди. Жамоадаги йигитлар билан аҳил, иноқ бўлиб машғулотлар ўтказардик. Биз Хиросимадаги Осиё ўйинларига бориб, ажойиб натижа қайд этдик. Терма жамоага олтин медаль келтирганимдан жуда хурсандман. Ўша мусобақадан сўнг ҳукумат томонидан «ВАЗ 2106» автомашинаси билан тақдирланган эдим.

 Айнан қайси натижаларингиз, кўрсаткичларингиз эвазига терма жамоа мураббийлари назарига тушгансиз?
– 1991 йилдан кейин тўрт маротаба Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритганман. Шунингдек, бир қатор халқаро турнирларда муваффақиятли қатнашганман. Ушбу омиллар мураббийларнинг қизиқишига сабаб бўлган, деб ўйлайман.

– Ўша Осиё ўйинларидаги жанглар ҳақида ҳам гапириб беринг.
 У ерга Қозоғистон терма жамоаси боксчилари фаворит сифатида ташриф буюришганди. Лекин кутилмаганда Хитой, Филиппин каби мамлакат боксчилари жиддий қаршилик кўрсатишган. Дастлабки жангимда Непал боксчисини биринчи раунддаёқ ютганман. Ярим финалдаги хитойлик боксчи билан жанг қийин кечган. Шундай бўлса-да, жангни ўз фойдамга ҳал қила олдим. Финалда эса Саудия Арабистони терма жамоаси боксчисини учинчи раундда нокаут эвазига таслим этганман.

– Ўша мусобақада сиз ва Олег Маскаев терма жамоамизга олтин медални тақдим этгансиз. Ўша вақтдаги терма жамоамиз таркиби, жамоадаги муҳит, мураббийлар ҳақида гапириб бера оласизми?
– Дилшод Ёрбеков, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Нариман Атаев, Икром Бердиев, Ҳикматилло Аҳмедов, Фарҳод Бакиров, Уйғун Сиддиқов каби боксчилар билан қатнашгандик. Таркиб ажойиб эди. Лекин кўпроқ олтин медалларни қўлга киритишимизга нимадир ҳалал бериб қолган.

– Яқин орада Қорақалпоғистондан яна Осиё ўйинлари, Осиё чемпионати, Олимпия ўйинлари совриндорлари етишиб чиқиши учун нималар қилиш лозим деб ўйлайсиз?
 Мана Ўзбекистон бокс федерациясининг Қорақалпоғистон бўлимига янги раҳбарлар тайинланди. Сакен Полатов бошчилигидаги федерация раҳбарияти томонидан ҳам қорақалпоқ боксига эътибор кучайтирилиши таъкидланди. Улар спорт заллари, рингларимизни кўриб тегишли тавсияларни беришди. Керакли ёрдам кўрсатилиши айтиб ўтилди. Шунингдек, яқинда бўлимимизга сайланган Бахтиёр Панаев томонидан янги бокс маркази барпо этилиши маълум қилинди. Бундай эътибор, яратилаётган шароит орқали кўзлаган мақсадимизга эриша оламиз деб ўйлаймиз. Бизда салоҳияти юқори бўлган йигитлар кўп. Шу кунларда бўлаётган ўзгаришлар билан келажакда Қорақалпоғистондан ҳам Олимпия, жаҳон чемпионлари етишиб чиқади деб ўйлайман. Мақсадимиз – Парижда ўтказиладиган Олимпия ўйинларида терма жамоамиз таркибига қорақалпоқ ўғлонини тарбиялаб беришдир.

– Тан олишимиз лозим, сўнгги пайтларда Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари Ўзбекистон чемпионатларида у қадар ўзларини кўрсата олишмаяпти. Бу нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?
– Катталарни назарда тутаётган бўлсангиз, тўғри. Охирги пайтларда катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатларида қорақалпоғистонлик боксчилар эътироф этишга арзирли натижалар кўрсата олишмади. Лекин ўсмирлар ва ёшларда совриндор боксчиларимиз бор. Аммо уларга яхшилаб эътибор қаратиш лозим. Улар ичида ҳаёт ташвишлари билан боксни ташлаб кетадиганлар ҳам бўлади. Бу олдимизда турган муаммолардан бири. Ўйлайманки, эндиликда бу борада ҳам ёш боксчиларимизга тўғри йўналиш кўрсатилади.

– Аммо шуни алоҳида қайд этишимиз лозимки, қорақалпоғистонлик қизлар Республика миқёсидаги мусобақаларда фаол иштирок этишмоқда. Республикадаги аёллар бокси ҳақида ҳам икки оғиз фикрингиз.
– Дарҳақиқат, Қорақалпоғистон қизлари Республика миқёсидаги мусобақаларда айтишга арзигулик натижалар қайд этишмоқда. Бу Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарияти томонидан ҳам эътироф этилди. Яхши биласиз, Олимпия ўйинларида аёллар вазнлари кўпаймоқда. Шуни эътиборга олган ҳолда, аёллар боксини янада ривожлантиришимиз лозим. Бу борада ишлар янада жадаллашишига ишонаман.

Text to speech