Халқаро оғир атлетика федерацияси Париж-2024 лицензиялари ўйналадиган турнирларни эълон қилди
Халқаро оғир атлетика федерацияси ҳам Париж-2024 Олимпия ўйинлари учун ажратилган квоталар ва уларнинг тақсимланиш тизимини тасдиқлади. Қуйида мазкур дастурга оид эътиборли маълумот ва рақамларни келтириб ўтамиз:
Ушбу спорт учун умумий ажратилган квота: 120 (60+60)
Эркаклар вазн тоифалари: -61 кг, -73 кг, -89 кг, -102 кг ва +102 кг
Аёллар вазн тоифалари: -49 кг, -59 кг, -71 кг, -81 кг ва +81 кг
Ажратилган 60 квота ҳар бир вазн тоифаларида тенг тақсимланади
Ҳар бир мамлакатдан максимум 6 нафар (3+3) спортчи Париж-2024 Олимпиадасида иштирок этиши мумкин. Бордию қайсидир жамоа 4 ёки ундан ортиқ йўлланмага эга бўлса, мажбурий равишда 3 спортчисини танлайди.
Ўринлар рейтинг очко тақдим қилувчи мусобақалардаги натижаларга қараб шакллантирилади. Париж-2024 йўлланмасига эга бўлиш учун спортчилар камида 5 та ана шундай рейтинг турнирида иштирок этишлари шарт. Улардан қуйидаги 2 таси мажбурий:
2023 йилги жаҳон чемпионати (2-17 сентябрь, Саудия Арабистони);
2024 йилги Жаҳон кубоги (2-11 апрель, Таиланд)
Шунингдек, қуйидаги мусобақалардан камида 3 тасида иштирок этган бўлишлари талаб этилади.
2022 йилги жаҳон чемпионати (5-16 декабрь, Колумбия);
2023 йилги Осиё чемпионати (3-13 май, Жанубий Корея);
2023 йилги I Гран-при (2-12 июнь, Куба);
2023 йилги II Гран-при (декабрь, Қатар);
2024 йилги Осиё чемпионати (5-15 февраль, Ўзбекистон)
Лицензион мусобақалардан бирига Тошкент мезбонлик қилиши чемпионатнинг нуфузини янада кўтариб беради. Бироқ қитъамиз терма жамоаларига 2023 йилги жаҳон чемпионати ва Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларининг орасидаги жуда қисқа фурсат ҳалақит бериши кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. 2-17 сентябрь куни қитъамиз атлетлари Саудияда дунё биринчилигида иштирок этишса, 27 сентябрь – 4 октябрь саналарида уларни Осиё ўйинлари доирасидаги баҳслар кутиб турибди.