Уч федерациянинг йил сарҳисоби бўлиб ўтди
Ўтиб бораётган йил ниҳоясига етиб борар экан, турли йўналишларда йил сарҳисоби ўтказилмоқда. Анъанага мувофиқ, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти, замонавий бешкураш ва поло федерациялари бу йил ҳам биргаликда йил якунларини ташкил қилди.
Тадбирда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосарлари Азизжон Камилов ва Шерзод Ташматов, ушбу 3 федерацияларнинг раиси Баҳромжон Газиев ва кўплаб соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси “Миллий спорт мукофоти-2022” тақдирлаш маросимида “Спорт тадбирларини ўтказиш бўйича энг яхши ташкилотчи” номинацияда ғалаба қозонган эди. Мутасаддилар тадбирда федерация томонидан жорий йил конкур бўйича Жаҳон кубоги саралаш босқичидан ўрин олган Евросиё лигаси “Миллатлар кубоги” мусобақасининг юқори савияда ўтказилгани, чавандозларимизнинг йил давомида кўплаб нуфузли мусобақаларда катта натижалар қайд этишганини алоҳида таъкидлашди.
Тадбирнинг асосий қисмида ўз йўналишида энг яхшилар тақдирлашди. Жумладан, Нуржан Туякбаев “Йилнинг энг яхши чавандози”, Елена Медведева эса “Йилнинг энг яхши мураббийи” деб тан олинди.