Ру En O'z
13 Март 2021 4960

Муҳаммадкарим Хуррамов билан унинг жароҳати, тикланиш даври ва қачон сафга қайтиши ҳақида суҳбат

Февраль ойида дзюдо бўйича Тель-Авив “Катта дубулға” мусобақасидан сўнг терма жамоамиз вакили Муҳаммадкарим Хуррамов жароҳат олиб, даволаниш учун Туркияга йўл олган эди. Ҳозир спортчимиз тиббий муолажаларнинг сўнгги босқичини ўтказмоқда. Биз дзюдочимиз билан боғланиб, унинг ҳозирги ҳолати, даволаниш жараёни қандай ўтаётгани ҳақида суҳбатлашдик.

21 февраль куни Тель-Авивдан Истанбулга келдим. Бу ерда мени Тургай Демирай деган шифокор қарши олди. “Cekmekoy” шифохонасида 2-3 кун давомида жароҳатимни атрофлича ўрганиб, мендан таҳлиллар олишди. Шундан сўнг жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Ҳозир ўзимни анча яхши ҳис қиляпман. Секин-аста умумий жисмоний тайёргарлик машқларини олиб боряпман”, – дейди спортчимиз.

 Сизни безовта қилган жароҳат қандай эди? Қандай даволашмоқда?
– 5 ой аввал ўзимиздаги машғулотларнинг бирида жароҳат олдим. Ташхисга кўра, чап тиззамдаги мениск пардаси йиртилган экан. Исроилдаги мусобақада иккинчи оёғимда сон мушакларидан жароҳат олдим. Ҳозир шу икки жароҳатимни даволатмоқдаман. Операцияда бел соҳамдаги керакли ёғларни олиб, ундан тиззамдаги мениск пардасини тиклашда фойдаланилаётганини айтишди. Сон мушаклари бўйича ҳам керакли муолажаларни олиб бормоқдамиз. Ҳозир оғриқларни деярли сезмаяпман.

– Куни кеча пойтахтимизда ўтган “Катта дубулға” мусобақасини кузатиб бордингизми? Вакилларимизнинг ундаги иштироки ҳақида нима дейсиз?
 Албатта, мен уни катта ҳаяжон билан кузатиб бордим. Жамоадошларимнинг иштирокига шунчаки қойил дейиш мумкин. Айниқса, ёшларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлашди дейиш мумкин. Мусобақа якуни бўйича айнан кимнидир кўрсатиб ўтмаган бўлардим, барчалари жуда ажойиб курашишди. Бу ерда туриб ўзимнинг ҳам курашгим келиб кетди.

– Қачон Сизни яна мусобақаларда кўрамиз?
– Қайси мусобақадан курашишим Туркияда менга қараётган ва ўзимизнинг шифокорлар, мураббийларимиз билан маслаҳатлашганимиздан сўнг аниқ бўлади. Шу ўринда биз спортчиларга қаратаётган эътибори ва қўллаб-қувватлаши учун ҳукуматимизга, Ўзбекистон МОҚ ва дзюдо федерациямиз раҳбариятига миннатдорчилик билдирмоқчиман. Насиб қилса, келажакда бундай ишончни ўз ғалабаларим билан оқлашга ваъда бераман.

Ўз навбатида, биз ҳам спортчимизнинг тезроқ тузалиб, яна сафга қайтишига тилакдошмиз. Эслатиб ўтамиз, -100 кг вазн тоифасида кураш олиб борадиган Муҳаммадкарим Хуррамов айни пайтда ўз вазн тоифасида Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи лицензион поғонада турибди.

Text to speech