Оғир атлетика бўйича жаҳон чемпионатини бешта медаль билан якунладик
Колумбияда оғир атлетика бўйича катталар ўртасидаги дунё биринчилиги ўз поёнига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида +109 кг вазн тоифасидаги полвонлар супага чиқишди.
Маълум қилганимиздек, унда Акбар Жўраев юртимиз шарафини ҳимоя қилиши керак эди. Бироқ Жўраев сўнгги тайёргарлик жараёнида кичик жароҳат олгани боис мураббийлар штаби таваккал қилиб уни супага чиқишини истамади. Афсуски, Олимпиада чемпиони бу дунё биринчилигини медалсиз якунлади.
Ўзбекистон терма жамоасининг мусобақадаги иштирокига тўхталадиган бўлса, ҳамюртларимиз чемпионатда 3 та олтин, 1 тадан кумуш ҳамда бронза, жами 5 та медалга сазовор бўлишди. Бу билан медаллар жамғариш бўйича терма жамоамиз олтинчи натижани қайд этди. Эркаклар ўртасида эса 3 та олтин медаль билан тўртинчи поғонага кўтарилдик.
Шубҳасиз, Руслан Нурудинов биз учун мусобақа қаҳрамонига айланди. -109 кг вазн тоифасида иштирок этган Нурудинов икки карра жаҳон чемпионига айланиб, мазкур вазнда ўзбекистонлик атлетлар жаҳонда ҳамон тенгсиз эканини кўрсатди. Шунингдек, Турсуной Жабборова -87 кг вазн тоифасида даст кўтариш машқида кумуш, икки курашда эса бронза медалини қўлга киритди. Қолган атлетларимиз гарчи совринли ўринларни эгаллашмаган бўлсалар ҳам, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида қимматли рейтинг очколарига эгалик қилишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ва спортчиларимизни мазкур дунё биринчилигида қўлга киритилган натижа билан қутлаб, жамоамизга келгуси мусобақаларда ҳам омад ва зафарлар тилайди.