Қитъа чемпионати олдидан Осиё каратэ федерациясининг Конгресси бўлиб ўтди
Эртага пойтахтимизда каратэнинг WKF йўналиши бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида қитъа чемпионати бошланади. Бугун мусобақадан аввал Осиё каратэ федерациясининг Конгресси бўлиб ўтди. Жорий йил якунларига бағишланган тадбирда Бутунжаҳон каратэ федерацияси президенти Антонио Эспинос, Осиё каратэ федерацияси президенти, генерал-майор Насир Ал Разуқи, Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон каратэ WKF федерацияси раиси Рашид Талипов, шунингдек, қитъамизнинг каратэ оиласи вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда Ойбек Касимов ҳам сўз олиб, ушбу нуфузли мусобақани ўтказишдек масъулиятли вазифани мамлакатимизга ишониб топширилгани учун Бутунжаҳон каратэ федерациясига миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши билан чемпионат юқори савияда ташкил этилиши, меҳмонлар ўз юртларига катта таассуротлар билан қайтишларини қўшимча қилди.
Конгресс давомида Осиё каратэ федерацияси томонидан 2022 йил амалга оширилган ишлар, ютуқ ва камчиликлар муҳокама қилиниб, келгуси йил режалари белгилаб олинди. Қайд этиш жоиз, 2023 йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган Осиё ўйинлари дастурига ҳам каратэ киритилган бўлиб, расмийлар мазкур комплекс мусобақа тайёргарлигига алоҳида ёндашиш зарурлигини таъкидлашди.