Ру En O'z
15 Декабрь 2022 1474

Ойбек Касимов World Aquatics эксперти билан сузишни янада оммалаштириш мавзуларини муҳокама қилди

Маълумки, сузиш бутун дунёда энг оммавий спорт турларидан бири ҳисобланади. У билан мунтазам шуғулланишнинг фойдаси катта экани барчага яхши маълум. Айниқса, уни ёшлар орасида янада кенг тарғиб қилиш аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлидаги катта қадам бўлади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов пойтахтимизда бўлиб турган Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси (World Aquatics) эксперти Алексей Акатьев билан ушбу мавзу юзасидан суҳбатлашди. Учрашувда Алишер Ғаниев бошчилигидаги Ўзбекистон сузиш федерацияси вакиллари ҳамда сув спорти турлари бўйича бир қатор ташкилотларнинг мутасаддилари ҳам иштирок этишди.

Ойбек Омилович Бутунжаҳон сув спорти турлари федерацияси билан Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам алоқалар йўлга қўйилгани, келажакда кўплаб истиқболли лойиҳалар устида ҳамкорлик қилиниши, давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан барча спорт турлари ривожига катта аҳамият берилаётгани ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, Республикамизнинг барча ҳудудларида 6-10 ёшли болалар ўртасида сузиш спортини тарғиб қилиш, бунда жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда янги дастурлар ишлаб чиқиш каби масалалар бўйича таклифларини билдирди.

Жорий йилнинг ёзида Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов бошчилигидаги делегация Венгрияда ўтган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатига ташриф буюрган эди. Мазкур ғоя ўшанда расмийлар ўртасида кечган учрашувларда илгари сурилган.

Ўз навбатида, хорижлик мутахассис халқаро ташкилот сузиш спортининг янада оммавийлашишидан манфаатдор эканини, ташриф давомида мамлакатимизнинг кўплаб ҳудудларини кўздан кечириб улгурганини айтди. Айниқса, Самарқанд шаҳридаги очиқ сув ҳавзаси барча талабларга жавоб бериши ва бу иншоот болалар ўртасида сузиш оммавийлигини кучайтириш, келгусида турли ёш тоифаларида халқаро мусобақаларни ўтказиш учун жуда қулайлигини билдирди.

Суҳбат давомида томонлар илгари сурилган таклифларни амалга ошириш режалари, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарлик доирасида кучли мутахассисларни жалб этиш, хорижлик селекционерлар билан Республика бўйлаб иқтидорли ёшларни аниқлаш каби мавзуларда фикр алмашишди.

Мутахассис 2 кунлик ташрифи давомида Қарши ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб, ҳудудлардаги сув спорти инфратузилмасини батафсил ўрганди. Унинг хулосалари асосида февраль ойида маҳаллий мутахассислар учун ўқув курсларини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Text to speech