Ру En O'z
15 Май 2021 1739

Марат Қурбонов: “Осиё чемпионати Олимпиада олдидан сўнгги имтиҳон бўлади”

Айни пайтда бокс бўйича Ўзбекистон Миллий терма жамоаси Тошкент вилоятида ўқув-машғулот йиғинини олиб бормоқда. Ўзбекистон бокс федерацияси матбуот хизмати ушбу йиғин борасида терма жамоамиз бош мураббийи Марат Қурбоновнинг фикрлари билан қизиқди.

Боксчиларимиз Санкт-Петербургдаги халқаро нуфузли мусобақада қатнашишди, бу боксчиларимиз учун муҳим кўриклардан бири эди. Ҳозирда навбатдаги йиғинимиз Тошкент вилоятидаги “Янгиобод” ўқув-базасида давом этмоқда. Унда Жазоир, Эрон, Иордания ва Озарбайжон тема жамоалари билан бирга машғулотлар ўтказмоқдамиз. Бу тайёргарлик Осиё чемпионатига қаратилган. Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қиладиган Осиё чемпионати Токио Олимпиадаси олдидан терма жамоамиз боксчилари учун сўнгги имтиҳон бўлади. Осиё чемпионатидан кейин бизда 55 кун вақт бўлади. Барча режалар тузиб чиқилган.

Осиё чемпионатидан кейин 10 кунлик тикланиш йиғини бўлади. Кейин эса 20 июндан 5 июлгача “Янгиобод” базасида йиғин белгиланган. Охирги йиғинимиз эса 6-22 июль кунлари Японияда бўлади. 24 июлдан бошлаб эса Худо хоҳласа, боксчиларимиз Олимпиадада рингга чиқишни бошлашади.

Тайёргарлик учун шароитлар ҳукуматимиз, Туризм ва спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитамиз ва Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан яратиб берилган. Бунинг учун миннатдорчилик билдирамиз.

Яқинда Ўзбекистонда боксни янада ривожлантиришга хизмат қилувчи Президент қарори чиқди. Юртимизда боксга эътибор янада кучаймоқда. Ўзбекистонда бокс билан шуғулланаётганлар сони бир неча баробар кўпайиб кетди. Худога шукр, айни пайтда терма жамоамиз захираси учун ҳам спортчилар етишиб чиқмоқда. Боксга шахсан мамлакатимиз Президенти томонидан эътибор қаратилмоқда. Бу эътибордан руҳланиб 2 баробар кўп ишлашимиз лозим. Қўлга киритилаётган натижалар билан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Биз ажойиб натижаларни давом эттиришга ҳаракат қиламиз”, – деди Марат Қурбонов.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech