Ру En O'z
14 Декабрь 2022 1193

Антонио Эспинос Осиё чемпионатига тайёргарликни юқори баҳолади

Тошкентда ўтадиган каратэ (WKF) бўйича Осиё чемпионатининг фахрий меҳмони, Бутунжаҳон каратэ федерацияси президенти Антонио Эспинос пойтахтимизга ташриф буюргани ҳақида маълум қилган эдик. Бугун Спортни ривожлантириш вазирлигида у билан каратэ ривожига оид бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда Вазир Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон каратэ WKF федерацияси раиси Рашид Талипов, Осиё каратэ федерацияси президенти, генерал-майор Насир Ал Разуқи иштирок этишди.

Даставвал Адҳам Илҳамович Президентимизнинг мамлакатимизда соғлом турмуш тарзи тарғиботига қаратаётган эътибори хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида каратэчиларимизнинг муваффақиятли иштирок этиб, 2 та олтин ва 1 та бронза медалларига сазовор бўлгани, 2 кундан сўнг старт оладиган қитъа биринчилигида ҳам терма жамоамиз барча вазн тоифаларида медаллар учун кураш олиб боришини билдирди.

Ўз навбатида, жаноб Эспинос ҳам каратэчиларимизнинг имкониятларини юқори баҳолади. Шунингдек, у бўлажак қитъа биринчилигига олиб борилаётган тайёргарлик, меҳмонлар учун яратилган шароитларни ижобий баҳолади. Қолаверса, 2028 йил Лос-Анжелесда бўладиган Олимпия ўйинлари дастурига каратэни яна қайтариш учун ўзаро ҳамжиҳатликда ишлаш муҳимлигини таъкидлади.

Суҳбат давомида томонлар юртимизда каратэнинг оммавийлигини ошириш, мамлакатимизда хорижлик кучли мутахассислар иштирокида семинарлар ташкил этиш, келгусида Ўзбекистонда янада нуфузли мусобақаларни ўтказиш, 2025 йил Тошкентда бўладиган ёшлар Осиё ўйинларига тайёргарликда ҳамкорликда ишлаш каби масалалар бўйича атрофлича фикр алмашишди.

Text to speech