Ру En O'z
9 Июнь 2021 4407

Алисэ Фахрутдинова: «Мақсадим – Олимпиадага аъло даражада тайёргарлик кўриш»

Жорий йилнинг 8-14 июнь кунлари Қоҳирада ўтказиладиган жаҳон чемпионати олдидан замонавий бешкураш бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси спортчиси Алисэ Фахрутдинова айни пайтдаги тайёргарлиги ва бўлғуси чемпионатдан олдин ўз олдига қўйган мақсадлари ҳақида сўзлаб берди.

– Жаҳон чемпионати олдидан тайёргарлик ҳолатингизни қандай баҳолайсиз?
– Айни вақтда жисмоний тайёргарлигимни ўртача, деб баҳолайман. Жароҳат олганимга ҳали кўп бўлгани йўқ ва 2021 йилги жаҳон чемпионати ушбу мавсумдаги илк стартим бўлади. Олимпия ўйинларига ҳам оз вақт қолди ва мен тезроқ юқори спорт формамга қайтишим кераклигини тушунаман.

– Ушбу чемпионат олдидан ўз олдингизга қандай мақсад қўйдингиз?
– Жамоамиз ўз олдига кўп мақсадларни қўйган, лекин менинг асосий ниятим деярли икки йиллик танаффусдан кейин мусобақа амалиётига тезроқ қайтиш ва албатта, Олимпия ўйинлари олдидан тажриба тўплаш.

– Жаҳон чемпионатига тайёргарлигингиз қандай ўтган? Нимага кўпроқ эътибор бердингиз?
– Барча машғулотлар режадагидек ўтди. Қиличбозлик ва ўқ отиш замонавий бешкурашдаги кучли томонларим бўлгани боис, асосий эътиборни югуриш ва сузишдаги функционал ҳолатимни яхшилашга қаратдик.

– Жароҳат туфайли жаҳон кубогининг иккала босқичини ҳам ўтказиб юбордингиз, тикланиш даврингиз қандай ўтди?
– Тикланиш даври жуда оғир кечди. Узоқ вақтга чўзилди ва кўп меҳнат талаб қилди. Бунда шифокорлар ва мураббийлар менга ёрдам беришди. Улар ўз ишининг устаси. Яқинларимнинг қўллови ҳам катта аҳамиятга эга бўлди. Жароҳат асоратлари режимга киришимга тўсқинлик қилди, лекин биз уларни енгдик ва ҳозирда тўлиқ дастур бўйича тайёргарлик кўряпмиз.

– Катта мусобақаларда қатнаша олмаганингиз сизга қандай таъсир қилди?
– Жароҳат ҳар қандай спортчини ҳам жисмонан, ҳам руҳан эзади. Жароҳат даврида осон бўлмади. Лекин айни пайтда ҳаммаси ортда қолди. Ушбу машаққатли йўлни босиб ўтишга ёрдам берган инсонларга ташаккур.

– 2021 йилги Жаҳон кубогидан кейин нима билан шуғулланасиз? Олимпия ўйинларидан олдинги ўқув-машғулот йиғини қаерда ўтади? COVID-19 пандемияси режаларингизга таъсир қилдими? Унгача режаларингиз қандай эди ва улар нечоғли ўзгарди?
Мен учун асосий вазифа – бу тайёргарликни узлуксиз давом эттириш. Мақсадим эса Олимпиадага энг аъло кўринишда етиб боришдир. Олимпия ўйинларидан олдинги ўқув машғулот йиғинлари Москвада бўлиб ўтади, чунки у ердаги шароитга ўрганганмиз ва самарали меҳнатга бутун диққатимизни қаратамиз. COVID -19 ҳеч бир инсонни четлаб ўтмади, шу жумладан, бизни ҳам. Мусобақалар гоҳ бекор қилинди, гоҳ саналари ва манзиллари ўзгарди. Албатта, COVID -19 дан олдин ва кейинги Токио-2020га тайёргарлик режаси ҳам сезиларли даражада фарқ қилади.

Text to speech