“Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун қуриладиган объектлардан самарали фойдаланиш эътибор марказида
Бугун Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов бошчилигида “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинлари учун қуриладиган объектлардан самарали фойдаланиш бўйича навбатдаги учрашув бўлиб ўтди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этишди.
Адҳам Илҳамович учрашувда ҳар бир федерация ва ташкилотларга ажратиладиган объектлар лойиҳасини кўздан кечириш баробарида спорт майдонларининг қурилиш босқичлари билан яна бир бор танишди. Шунингдек, у йиғилиш давомида бинолардан максимал даражада самарали фойдаланиш, хориж тажрибасини ўрганган ҳолда уларни жиҳозлаш бўйича кўрсатма берди. Режага кўра, мусобақадан сўнг Вазирлик ва бир қатор федерация ҳамда бошқа спорт ташкилотлари мазкур шаҳарчага кўчиб ўтади.
Ойбек Касимов қурилиш учун масъул бўлган ташкилотлар билан мунтазам алоқа олиб борилаётгани, лойиҳани амалга оширишда барча жиҳатларга аҳамият берилаётгани хусусида тўхталди. Вазир иш самарадорлигини янада яхшилаш, 9 ноябрь куни ўтган тадбирда Президентимиз берган топшириқлар асосида иш олиб бориш бўйича қўшимча кўрсатмалар берди.