Ру En O'z
12 Декабрь 2022 991

РСТИАМнинг 2022 йил якунларига бағишланган ҳисоботи ўтказилди

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази (РСТИАМ) 2022 йил якунларига бағишланган ҳисобот ўтказди. Унда МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Марказ директори Камол Сирожитдинов, шунингдек, ташкилот ходимлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида фармакология, даволаш ишлари, илмий-методика, молия соҳалари бўйича бўлим раҳбарлари якунланаётган йилда ўз йўналишларида қилинган ишлар бўйича батафсил маълумот беришди. Унга кўра, Марказ шифокорлари йил давомида хорижда ўтган нуфузли комплекс мусобақалар, мамлакатимизда ўтказилган йирик чемпионатларда терма жамоаларимизга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиб келган. Шунингдек, РСТИАМ томонидан ҳамюртларимизга ҳам кўп турдаги хизматлар амалга оширилмоқда.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, Марказ келаси йил Республикамизнинг 4 та ҳудудида филиалини очишни мўлжаллаган. Бу борада жорий йил Камол Сирожитдинов бошчилигидаги ишчи гуруҳ барча вилоятлардаги Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказларида бўлиб, у ерлардаги тиббий хизматга бўлган эҳтиёж, ҳудудларнинг бу борадаги имкониятларини ўрганиб чиққан. Шунингдек, 2023 йил Соғлиқни сақлаш сифати бўйича аккредитация марказидан тегишли сертификатни олиш ҳам ушбу ташкилотнинг режаларидан ўрин олган.

Йиғилиш якунида Ойбек Касимов Марказ фаолияти ҳақида ижобий хулоса билдириб, спортчиларимизнинг улкан ютуқларга эришишларида шифокорларнинг алоҳида ўрни борлигини эътироф этди. Ўз ўрнида, иш фаолиятини янада самарали йўлга қўйиш, Марказдаги замонавий технологияларнинг имкониятларидан максимал фойдаланиш бўйича тегишли кўрсатмаларини берди.

Text to speech