Ру En O'z
11 Декабрь 2022 996

Дзюдочиларимиз йилни юқори нотада якунлашга ҳозирланишмоқда

20-22 декабрь кунлари Исроилнинг Қуддус (Иерусалим) шаҳрида дзюдо бўйича Мастерс турнири бўлиб ўтади. Ўзбекистон дзюдо федерацияси унда иштирок этадиган таркибимизни эълон қилди. Унг кўра, дзюдо оламидаги йилнинг якуний турнирида 17 нафар спортчи юртимиз шарафини ҳимоя қилади.

Мастерс нуфузи жиҳатидан жаҳон чемпионатидан кейинги поғонада турувчи мусобақа ҳисобланади. Унда жаҳон рейтингида 36 таликдан жой олган спортчиларгина иштирок этиши мумкин. Турнирда ўз вазн тоифасида ғолиб бўлган спортчи ҳисобини жаҳон рейтинги учун 1800, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида эса 900 очкога бойитиб олади.

Илиас Илиадис бошчилигидаги жамоа айни пайтда Токиода халқаро ўқув-машғулот йиғинида бўлиб турибди. Ҳамюртларимиз 16 декабрь куни Япониядан Исроилга йўл олишади. Таркиб билан танишинг:

Эркаклар: Дилшодбек Баратов (-60 кг); Сардор Нуриллаев ва Муҳриддин Тиловов (-66 кг); Шаҳрам Аҳадов, Обидхон Нўъмонов, Муроджон Йўлдошев ва Ҳикматиллоҳ Тўраев (-73 кг); Шарофиддин Болтабоев (-81 кг); Давлат Бобонов (-90 кг); Музаффарбек Тўрабоев ҳамда Отабек Тўрабоев (-100 кг); Алишер Юсупов ва Шоҳруҳ Бахтиёров (+100 кг).

Аёллар: Сида Қадамбоева ва Диёра Келдиёрова (-52 кг); Гулноза Матниязова ва Шоҳиста Назарова (-70 кг).

Text to speech