Ру En O'z
9 Декабрь 2022 1129

Гимнастика оммавийлигини кучайтириш, халқаро майдондаги ютуқлар салмоғини оширишга қаратилган йиғилиш ўтказилди

Бугун Ўзбекистон гимнастика федерацияси Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда федерация раҳбарияти таркиби қайта шакллантирилди. Тадбирда Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов, шунингдек, федерация Ижроия қўмитаси аъзолари, гимнастика спорт турлари бўйича терма жамоаларнинг катта мураббийлари, вилоятлардаги бўлим вакиллари (онлайн) иштирок этишди.

Йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Вазир гимнастика спортининг мамлакатимиздаги оммавийлигини янада ошириш, селекция ишларини кучайтириш, йиллар давомида янгиланмаган инвентарларни замонавийларига алмаштириш орқали вилоятлардаги бўлимларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, малакали кадрларни жалб этиш, бир сўз билан айтганда, федерация фаолиятини тубдан ўзгартириш лозимлигини таъкидлади.

Адҳам Илҳамович гимнастикачиларимизнинг сўнгги даврда қайд этган натижалари, хусусан, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида қўлга киритилган муваффақиятлар ҳақида ҳам гапириб ўтди. Бироқ у олдинда турган Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, Париж-2024 Олимпиадасига имкон қадар кўпроқ лицензия олиш каби вазифалар тургани, бунинг учун федерация раҳбарияти таркибини янгилаш орқали иш фаолиятини янада кучайтириш зарурлигига тўхталди.

Шундан сўнг кун тартибидан ўрин олган асосий масалага ўтилди. Унга кўра, Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Руслан Мустаевнинг ўз хоҳишига кўра берган истеъфоси иштирокчилар томонидан қаноатлантирилди. Унинг ўрнига соҳада, хусусан, халқаро майдонда улкан тажрибага эга Гўзал Мўминова номзоди илгари сурилди. Қайд этиш жоиз, ушбу мутахассис бир вақтнинг ўзида Осиё гимнастика иттифоқининг бадиий гимнастика йўналиши бўйича техник қўмитаси раҳбари, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг гимнастика турлари бўйича техник қўмитаси бошлиғи лавозимида фаолият юритади.

Делегатлар ушбу номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Гўзал Баҳодировнага Ўзбекистон гимнастика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, шунингдек, “Ўзавтосаноат” АЖ вакили Баҳром Шокировга молиявий масалалар бўйича федерация раиси ўринбосари вазифаси юклатилди.

Ўз ўрнида, Гўзал Мўминова келгусида билдирилган ишончни оқлашга, ушбу масъулиятли вазифани бажаришда бор кучини сафарбар қилишга ваъда берди.

Йиғилишда федерациянинг янги раҳбариятига ривожланиш бўйича ўзларининг стратегиясини ишлаб чиқиш, гимнастика турларини янада ривожлантириш бўйича тайёрланаётган Президент Қарори лойиҳасига таклифлар киритиш бўйича алоҳида вазифа юклатилди.

Text to speech