Ру En O'z
8 Декабрь 2022 1399

Мамлакат чемпионатининг очилиш маросимида жаҳонда тенгсиз бўлган ёш боксчиларимиз тақдирланишди

Бугун пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати старт олди. Кундузги беллашувлардан сўнг мусобақанинг расмий очилиш маросими ўтказилди. Тадбирда Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спортни ривожлантириш вазирлиги мутасаддилари, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Полатов, МОҚ раиси ўринбосарлари Равшан Ирматов ва Азизжон Камилов иштирок этишди.

Расмийлар мусобақани очиқ деб эълон қилишар экан, Президентимизнинг эътибори билан сўнгги йилларда ўзбек бокси дунёда ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани, чарм қўлқоп усталаримизнинг Осиё ва жаҳон чемпионатларида қўлга киритаётган улкан ютуқларини алоҳида эътироф этишди. Хусусан, ноябрь ойида Испанияда ўтган ёшлар ўртасидаги дунё биринчилигида ҳамюртларимиз 5 та олтин, 3 та кумуш ва 2 та бронза медаллари билан умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллашди. Маросим давомида ушбу мусобақа қаҳрамонлари тақдирланишди.

Беллашувларга тўхталадиган бўлсак, жанглар кутилганидек шиддатли ва муросасиз руҳда ўтмоқда. Баҳсларни баҳолаб боришда хорижлик ҳакамларнинг иштирок этаётгани ғолибни аниқлашда адолатли меъзонларга амал қилинаётганидан далолат беради. Бугунги жанглар орасида Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов ҳам иштирок этиб, катта қийинчиликсиз кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритди. Мусобақа тафсилотлари билан келгуси хабарларда маълум қиламиз.

Text to speech