Тўлқин Қиличев: “Баҳодир Жалолов – терминатор!”
Эртага Тошкентда бокс бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати старт олади. 14 декабрга қадар давом этадиган мусобақада юртимизнинг энг кучли чарм қўлқоп усталари ғолиблик учун кураш олиб боришади. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида мазкур чемпионатга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари ва терма жамоа мураббийлар штаби мусобақадан нималар кутилаётгани, чемпионатда қатнашадиган таниқли спортчилар, янги йилга қўйилган режалар хусусида гапириб ўтишди.
Анжуманни Ўзбекистон бокс федерацияси бош котиби Шоҳид Тиллабоев олиб борди. Шунингдек, эркаклар терма жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев ҳамда мураббий Хуан Энрике, аёллар терма жамоаси бош мураббийи Элшод Расулов, катта бокс оиласи ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Даставвал федерация бош котиби мусобақа ҳақида атрофлича маълумот берди. Унга кўра, бу йил ҳам жангларни баҳолашдаги шаффофликни таъминлаш мақсадида хориждан ташриф буюрадиган 10 нафар 3 юлдузли IBA ҳакамлари ишлашади. Баҳслар 2 рингда ўтказилиб, “UzReport TV” ва YouTube ижтимоий тармоғидаги “Tigers” саҳифасида жонли эфирга узатилади.
Ўз навбатида Тўлқин Қиличев мусобақада иштирок этадиган юлдуз боксчилар ҳақида тўхталди. Унинг маълум қилишича, Ҳасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов, Миразиз Мирзаҳалилов каби номдор боксчилар ҳам чемпионатда қатнашишади. Мадияр Саидраҳимов, Абдумалик Халаков, Руслан Абдуллаев жароҳати сабаб унда иштирок эта олишмайди.
“Жалолов Абу-Дабида IBA томонидан ўтказиладиган мусобақада (11 декабрь) жанг қилади. Шунингдек, Ўзбекистон чемпионатида ҳам қатнашади. Баҳодир – терминатор! Бунинг ортида мамлакатимиз шаъни, манфаати турибди”, – деди Т.Қиличев.
Шунингдек, Хуан Энрике ҳамда Элшод Расулов ҳам ўз фикрларини билдириб ўтишди. Хусусан, кубалик мутахассис бу мусобақа келаси йил Тошкентда ўтадиган жаҳон чемпионатига терма жамоа таркибини саралаб олиш йўлида жуда муҳим эканини таъкидлади.
Анжуман давомида ОАВ вакиллари ҳакамлик, янги йилдаги режалар ва бошқа йўналишлардаги ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб олишди.